8155

Президент вазирлардан баландпарвоз ҳисоботлар эмас, самарали меҳнат талаб қилди

Ўзбекистон 30 май 14:50 315

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29-май куни Туркманистон, Қозоғистон, Россия, Хитойга бўлган ташрифлари доирасида имзоланган шартномалар ва лойиҳаларни амалга ошириш ҳолатини таҳлил қилишга бағишланган йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда Бош вазир, унинг ўринбосарлари, тегишли вазирликлар ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.

Шавкат Мирзиёев келишилган шартномаларни амалга оширишда камчилик ва қолоқликка йўл қўяётган ҳар бир вазирлик ва идора фаолиятига танқидий нуқтаи назардан баҳо берди. Хусусан, Туркманистон билан қишлоқ хўжалиги техникаси, минерал ўғитлар, автомобиллар, қурилиш материаллари, маиший техника етказиб бериш бўйича 151 миллион АҚШ долларига тенг ҳужжатлар имзоланган эди. Ўтган уч ой давомида экспорт ҳажми 12 миллион долларни ташкил этди. Бу умумий келишилган миқдорнинг 8 %и, холос.

Қозоғистон, Россия ва Хитойга ташрифлар ҳамда Туркия раҳбари билан ўтказилган музокараларда ҳам бир неча миллиард долларлик йирик келишувларга эришилди. Лекин уларнинг ижросига оид натижалар кутилганидек эмас.

Эришилган барча келишувларнинг молиявий манбалари, ижро механизмлари, логистикаси, масъул идоралар ва шахслар ҳамда бошқа масалалар тўлиқ ҳал қилинган бўлиши, иш пухта ва қатъий амалга оширилиши кераклиги таъкидланди. Масъул ижрочиларнинг ҳар ҳафтада бир марта Вазирлар Маҳкамасида ва ҳар ойда бир марта Президент ҳузурида хорижий шериклар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган жорий ва ишлаб чиқилиши кўзда тутилаётган янги инвеститсион лойиҳалар юзасидан ҳисобот бериш тартиби ўрнатилади.

Лойиҳаларнинг ўз вақтида молиялаштирилиши, мутасаддиларнинг ижро интизоми, масъул шахсларнинг мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишини назорат қилиш Ҳисоб палатаси ва Бош прокуратура зиммасига юкланди.

Шунингдек, йиғилишда дабдабали рақамлар ва баландпарвоз ҳисоботлар ортидан қувиш эмас, янгича самарали усул ва механизмларни татбиқ этиш, аҳволни қисқа муддатда синчиклаб ўрганиб чиқиш ва зарур чора-тадбирлар белгилаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Изоҳ билдириш