8123

Хосе Мария Мендез Ўзбекистон билан хайрлашмоқда

Спорт 30 май 13:31 405

Шу йилнинг 16–26 май кунлари Таиландда тарихда биринчи бор футзал бўйича U-20 Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон U-20 терма жамоаси иштирок этиб, тўртинчи ўринни қўлга киритди.

Ана шу мусобақа футзал терма жамоаси бош мураббийи Хосе Мария Пазос Мендез учун охиргиси бўлди. Бангкокда ўтган мусобақадан кейин испаниялик мутахассис ЎФФ билан тузган шартномаси муддати тугагани сабаб ўз лавозимини тарк этди. Бу ҳақида «Sports.uz» хабар берди.

Хосе Мария Мендез 2015 йилнинг март ойида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган эди. Унинг қўл остида терма жамоа 2016 йил Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида финалга қадар етиб борган ва Эронга 1:2 ҳисобида мағлуб бўлганди.

Бундан ташқари, айнан Хосе Мария Пазос Мендез футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоасини илк бор Жаҳон чемпионатига олиб чиққан. Ўтган йил куз ойида Колумбияда бўлиб ўтган мундиалда Ўзбекистон иштирок этиб қайтганди.

Ўзбекистон футзал Ассоциацияси раҳбарияти ва ходимлари мутахассисга юртимиздаги самарали фаолияти учун чуқур миннатдорчилик билдириб қолади.

Эслатиб ўтамиз, Хосе Мария Мендез Ўзбекистон терма жамоасини олдин ҳам бошқарган, унинг аввалги мураббийлиги даврида терма жамоамиз 2012 йилги Осиё чемпионатида чорак финалга қадар етиб борган эди.

Изоҳ билдириш