8085

Ўзбекистон текстилининг Европага бориши осонлашади

Ўзбекистон 30 май 11:15 267

Евроиттифоқ ва Ўзбекистон ўртасидаги шерикчилик ва ҳамкорлик келишуви таркибига «текстиль протоколи» ҳам киритилди. У Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган текстиль маҳсулотларининг Европага олиб кирилишини осонлаштиради, деб хабар беради «Газета.uz».

Тегишли қонун Олий Мажлис Сенатининг пленар йиғилишида ратификация қилинди.

Илгари келишув доирасида энг катта қулайликлар режими Ўзбекистондан текстиль товарларининг импорт қилинишига нисбатан қўлланилмас эди. Бу соҳа Ўзбекистон ва Евроиттифоқнинг 2011 йил 7 апрелидаги текстиль маҳсулотлари савдоси бўйича келишуви асосида юритилар эди.

Шунингдек, ҳужжат Ўзбекистон текстиль маҳсулотларининг Евроиттифоқ мамлакатларига етказилиши, у ерда қайта ишланиши ёки у ердан транзит қилиниши учун божхона имтиёзларини назарда тутади.

2016 йил декабрида Европарламент Евроиттифоқ ва Ўзбекистон ўртасидаги келишувга «текстиль протоколи» киритилишини ратификация қилган эди. Қарор Ўзбекистон евродепутатларнинг пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланилишини йўқ қилиш борасидаги талабини бажарганидан сўнг қабул қилинган эди.

Изоҳ билдириш