7999

ТИВ, ИИВ ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари раҳбарлари парламентда йилига икки марта ҳисобот беради

Ўзбекистон 30 май 8:23 294

27 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сенаторлар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. Қонун 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни бажариш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорларини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилганлиги таъкидланди.

Қонунда ўрнатилган тартибга кўра, Олий Мажлис Сенати ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахборотини, ташқи ишлар вазирининг ўз фаолияти ҳақидаги ахборотини йилига икки марта эшитади, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотини Олий Мажлис палаталарининг тегишли қўмиталарида дастлабки тарзда кўриб чиққан ҳолда йилига икки марта эшитади.

Сенаторлар таъкидлаганларидек, ўзгартиш ва қўшимчалар давлат бошқаруви органлари фаолиятининг тизимлилигини оширишга, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг фаолияти устидан парламент назоратини кучайтиришга кўмаклашади.

Изоҳ билдириш