7671

«Ургут» ЭИЗда ўзбек-турк корхоналари ташкил этилиши мумкин

Ўзбекистон 26 май 14:13 370

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия бош вазири ўринбосари Йилдирим Туғрул Туркеш билан Туркиянинг етакчи компаниялари билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақида Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Йилдирим Туғрул Туркеш Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг тўртинчи мажлисида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган.

Давлат раҳбари меҳмонни қутлар экан, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик ва мулоқотлар фаоллашаётганини мамнуният билан қайд этди.

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг 2016 йил 17-18 ноябр кунлари Самарқанд шаҳрига ташрифи чоғида ва жорий йил 14 май куни Пекин шаҳрида ўтган «Бир макон, бир йўл» халқаро форуми доирасида олий даражадаги самарали учрашувлар икки мамлакат ўртасидаги кенг кўламли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш учун юқори суръат бағишлагани ва янги имкониятлар яратгани таъкидланди.

Учрашувда Ўзбекистонда тўқимачилик, чарм, кимё ва фармацевтика соҳалари, қурилиш материаллари саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва бошқа йўналишларда, жумладан, «Ургут» эркин иқтисодий зонаси доирасида юқори технологияли замонавий корхоналарни ташкил этиш бўйича аниқ лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун Туркиянинг етакчи компаниялари билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Туризм соҳасида ўзаро ҳамкорлик, хусусан, замонавий сайёҳлик обектлари инфратузилмасини ривожлантириш, биргаликда сайёҳлик маҳсулотларини таклиф этиш, соҳада малакали кадрлар тайёрлаш бўйича улкан салоҳият мавжудлиги таъкидланди.

Тошкентда Ўзбекистон ва Туркия компания ҳамда корхоналари иштирокида бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлиси ва Инвестиция форуми натижалари, ўзаро шерикликнинг истиқболли йўналишлари ва қарийб 2 миллиард долларлик ҳамкорлик лойиҳалари белгилангани мамнуният билан қайд этилди.

Йилдирим Туғрул Туркеш Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг юксак ҳурмати ва эзгу тилакларини етказди.

Туркия бош вазири ўринбосари Туркия компанияларининг Ўзбекистонда фаолият юритиши қўллаб-қувватланаётгани ва яратилган қулай шароитлар учун Туркия раҳбарияти номидан миннатдорлик билдирди ва кенг кўламли ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.

Изоҳ билдириш