6946

Ўзбекистонда замонавий инжиниринг маркази ташкил этилади

Ўзбекистон 19 май 14:53 300

«ЎзЛИТИнефтгаз» АЖ, Hyundai Engineering Co., Ltd ва Enter Engineering PTE ўртасида Ўзбекистонда қўшма корхона шаклидаги замонавий инжиниринг марказини яратиш юзасидан битим имзоланди, деб хабар бермоқда «Ўзбекнефтегаз» матбуот хизмати.

Марказни ташкил этиш ҳақидаги келишув Тошкентда бўлиб ўтаётган Global Oil & Gas Uzbekistan 2017 халқаро кўргазмаси доирасида имзоланди. «Ушбу инновацион-инжиниринг марказини яратишдан кўзланган асосий мақсад алоҳида инвестицион лойиҳаларга оид лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича пудратчи сифатида ишларни бажариш учун ихтисослашган марказни яратишдан иборат», деди ҳужжатларни имзолаш маросимида сўзга чиққан «Ўзбекнефтгаз» МХК бошқаруви раиси Алишер Султонов.

«ЎзЛИТИнефтгаз» инвестицион лойиҳаларнинг лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун энг нуфузли маҳаллий ва хорижий ихтисослаштирилган лойиҳалаш ва инжиниринг ташкилотларини ҳамда етакчи мутахассис ва экспертларни жалб қилади.

«ЎзЛИТИ инжиниринг» инновацион-инжиниринг марказининг яратилиши лойиҳалаш жараёнларига замонавий лицензияланган дастурий маҳсулотлар ва халқаро тажрибага асосланган, лойиҳа ишларини ташкил қилишнинг энг тараққий усул ва технологияларини жорий қилишга хизмат қилади.

ASR.UZ нинг TELEGRAMдаги каналига қўшилинг ва сўнгги янгиликларни ўтказиб юборманг
Изоҳ билдириш