6623

Шавкат Мирзиёев Гулистонда амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари лойиҳаси билан танишди

Ўзбекистон 17 май 22:00 298

Сирдарёга ташрифи давомида президент Гулистон шаҳрида қурилган замонавий уйларни бориб кўрди.

«Мамлакатнинг барча шаҳарлари қатори Гулистон шаҳрида ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. 2015-2016 йилларда Гулистон шаҳрининг Ўзбекистон ва Бирлашган кўчаларида 180 хонадонга эга 15 кўп қаватли уй қурилди. Уйларнинг биринчи қавати савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларига мўлжалланган», дейилади хукумат порталида.

Президент шу уйлар жойлашган «Намуна» маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюрди. Маҳалла раиси ва фаоллари билан мулоқотда мамлакатда инсон манфаатларини таъминлаш, одамларнинг турмуш даражаси ва ишончини ошириш, маҳалла идораларининг имкониятларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётан ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.

Мазкур маҳалла профилактика инспектори Санжар Муродов яқинда Гулистон давлат университети талабаси Ҳурриятхон билан оила қурган. Президент жорий қилган тизимга мувофиқ янги қурилган уйлардаги хонадонлардан бири С.Муродов оиласига берилган.

Давлат раҳбари Санжар Муродов хонадонида бўлди. Фуқаролар йиғини биносида маҳалла раиси, маслаҳатчилар ва профилактика инспектори ишлаши учун яратилган шароитлар билан танишди.

Шу ерда Гулистон шаҳрининг бош режаси асосида амалга ошириладиган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари тақдимоти ҳам ўтказилди.

Президент бу иншоотларнинг ижтимоий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. Лойиҳаларни такомиллаштириш, қурилиш ишларини ўз вақтида, сифатли бажариш бўйича зарур тавсиялар берди.

Изоҳ билдириш