6608

Ўзбекистон терма жамоаси «Ислом бирдамлик ўйинлари»да кучли бешликда бормоқда

Спорт 17 май 16:02 295

Бокуда бўлиб ўтаётган IV «Ислом бирдамлик ўйинлари»нинг бешинчи кун якунлари бўйича Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 34 тага етди. Бу ҳақида Ўзбекистон Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар қилмоқда. Уларнинг 7 таси олтин, 9 таси кумуш, 18 таси бронза медалларидир.

Ўзбекистон делегацияси 54 мамлакат вакиллари орасида ҳозирча Туркия, Озарбайжон ва Эрондан сўнг 4-ўринда бормоқда.

Мусобақанинг сўнгги икки кунида спортчиларимиз сермаҳсул иштирокларини давом эттиришди ва 2 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медалларини қўлга киритишди.

Спорт гимнастикаси бўйича ўтказилган баҳсларда Оксана Чусовитина олтин медалга сазовор бўлди. Бу Ўзбекистон делегациясининг мусобақадаги олтинчи олтини бўлди.

Таэквондо беллашувларида Ниёз Пўлатов олтин медалга эришди. Теннисчиларимиз жамоавий баҳслар якунига кўра кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишди. 100 метрга югуриш баҳсларида Нигина Шарипова маррага иккинчи бўлиб етиб келди ва навбатдаги кумуш медални тақдим этди.

Оғир атлетикачиларимиз икки кун ичида учта кумуш, учта бронза медалини қўлга киритишди.

Дзюдо бўйича жамоавий баҳслар якунига кўра эркаклар ва аёллар терма жамоалари бронза медалига сазовор бўлишди. Боксчиларимизнинг 5 нафари ярим финалга йўлланма олишди. Демак, улар камида бронза медалларини нақд қилиб улгуришди.

Шунингдек, оғир атлетика бўйича Рустам Жангабаев ва Иван Ефремовлар чиқиш қилишади. Таэквондо баҳсларида эса Дмитрий Шокин, Максим Рафалович, Нигора Турсунқулова ва Светлана Осиповалар иштирокларини бошлашади.

ASR.UZ нинг TELEGRAMдаги каналига қўшилинг ва сўнгги янгиликларни ўтказиб юборманг
Изоҳ билдириш