6566

Халқаро конгресс қатнашчилари Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдиришди

Ўзбекистон 17 май 14:28 283

16 май куни кўҳна ва навқирон Самарқанднинг Регистон майдонида “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва давлатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” мавзусида халқаро илмий-маданий конгрессининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.

Икки кун Тошкент ва Самарқандда давом этган халқаро конгресс ишида дунёнинг 40 мамлакатидан 370 нафар иштирокчи қатнашди, улар орасида фан ва маданият муассасалари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, дипломатик корпус вакиллари, экспертлар ҳамда олимлар бор.

Ёпилиш маросимида ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги раҳбари Криста Пиккат сўзга чиқар экан, бугун бутун дунёда нотинчлик ҳукм сураётган, қадимий меъморий ёдгорликлар йўқ қилинаётган бир вақтда ушбу халқаро конгресснинг аҳамияти беқиёслигини алоҳида таъкидлади.

Мазкур йирик бутун дунё олимларини қамраб олган конгресс якунида барча иштирокчилар резолюция қабул қилдилар ҳамда Президент Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон ҳукуматига бундай тадбирни ўтказиш учун имконият яратгани учун минатдорчилик билдирдилар. Криста Пиккат қабул қилган резолюцияни ўқиб эшиттирар экан, Ўзбекистон ҳукумати томонидан ўзбек халқининг маданий меросини сақлашга ва уни тарғиб қилишга бўлган бундай эътибори эътирофга сазоворлигини таъкидлаб ўтди.

Конгресснинг асосий воқеаларидан бири Ўзбекистон халқларининг маданий ва тарихий ёдгорликлари тўпламларини ўз ичига олган 10 та ноёб альбом-китоб ва ҳужжатли фильмларнинг тақдимоти бўлди.

 

Изоҳ билдириш