6560

Шавкат Мирзиёев: Ўзбекистонда гидроэнергетика соҳасида янги компания тузилади

Ўзбекистон 17 май 14:10 289

Ўзбекистонда гидроэнергетика соҳасида янги компания тузилади. Бу ҳақида Президент Шавкат Мирзиёев Сардоба сув омбори билан танишуви чоғида маълум қилди.

Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2010 йилда Жанубий Мирзачўл каналининг марказий тармоғи оқиб ўтган ҳудудда сув омбори бунёд этила бошланган эди. Жорий йилда қурилиши якунланадиган гидроиншоотда 922 миллион куб метр сув тўпланади. Бу Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги унумдор ерлардан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш имконини беради.

Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантирмоқдамиз, одамлар такрорий экин экиб, қўшимча даромад топсин. Сардоба сув омбори ҳудуддаги деҳқон ва фермерларга бу борада катта имкониятлар яратади, деди давлат раҳбари.

Президентнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи чоғида гидроэнергетика соҳасида ҳам муҳим келишувларга эришилди. Ушбу мамлакат билан ҳамкорликда сув омбори ёнида қуввати 15 мегаватт бўлган мини гидроэлектростанция  қурилади.

Давлат раҳбари Ўзбекистонда муқобил энергетикани ривожлантириш бўйича истиқболли чора-тадбирлар ишлаб чиқилаётгани, гидроэнергетика соҳасида янги компания тузилиши режалаштирилаётганини таъкидлади.

Сув омбори атрофида дам олиш зонаси ташкил этилади.

Шу ерда Мирзаобод туманида амалга оширилиши режалаштирилган қишлоқ хўжалиги соҳасидаги истиқболли лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Сардоба темир йўл агросаноат мажмуаси” унитар корхонаси томонидан балиқчилик, чорвачилик, мева-сабзавотни қайта ишлаш, сут маҳсулотлари ва омихта ем ишлаб чиқаришга ихтисослашган лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.

Сардоба сув омбори ва Мирзаобод тумани ҳудудида ташкил этиладиган балиқчилик мажмуаси инкубацион цех, интенсив ҳовузлар, балиқни қайта ишлаш заводи, маҳсулотларни сақловчи музлаткични ўз ичига олади. Балиқ учун омихта ем ҳам шу ернинг ўзида ишлаб чиқарилади. Ушбу корхоналарда 150 иш ўрни яратилади. Мажмуа “Ипотека-банк” билан ҳамкорликда ташкил этилаётган “Сирдарё балиқ саноат” корхонаси учун асосий база бўлиб хизмат қилади.

Сардоба мева-сабзовотлар логистика маркази ҳам кўп тармоқли бўлади. Бу ерда мева-сабзавотлар етиштириш, саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш, музлатиш, сақлаш, қуритиш ва етказиб бериш ташкил этилади. Корхонада 220 киши иш билан таъминланади.

Мирзаобод туманида ташкил этиладиган чорвачилик комплексида зотдор қорамоллар кўпайтириш орқали аҳолига гўшт ва сут етказиб бериш йўлга қўйилади. 100 иш ўрни яратилади.

Ушбу тумандаги яна бир корхонада сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. 3 минг 500 тонна сут қайта ишланиб, кенг турдаги маҳсулотлар тайёрланади ва қадоқланади. 25 кишининг бандлиги таъминланади.

Тармоқдаги корхоналарни омихта ем билан таъминлаш мақсадида шу йўналишда корхона ташкил этиш мўлжалланган. 3 минг тонна омихта ем ишлаб чиқариладиган корхонада 25 иш ўрни яратилади.

ASR.UZ нинг TELEGRAMдаги каналига қўшилинг ва сўнгги янгиликларни ўтказиб юборманг
Изоҳ билдириш