5890

Телекоммуникациялар соҳасида лицензия олиш осонлашади

Ўзбекистон 10 май 22:44 224

Ўзбекистон Республикаси меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида “Телекоммуникациялар соҳасида лицензиялаш фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди. Ундан кўзланган мақсад тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитларни барпо этиш, тадбиркорлик субъектлари билан ўтказилган учрашувларда аниқланган «ягона дарча» тамойили асосида самарали давлат хизматларини кўрсатишга ғов бўлаётган муаммоли масалаларни ҳал этиш, маъмурий буйруқбозлик тўсиқларига барҳам бериш, сансалорликка йўл қўймаслик, телекоммуникациялар соҳасида лицензиялаш жараёнини такомиллаштиришдир.

Унда телекоммуникациялар соҳасида лицензия олиш учун талабгордан талаб қилинадиган ҳужжатлар тўпламидан қуйидагиларни чиқариб ташлаш белгиланган:

Ўзбекистон Респбликаси Ички ишлар вазирлиги Давлат ўт ўчириш хизматининг ёнғин хавфсизлиги меъёрларига мувофиқлиги хусусида хулоса;

Давлат санитария назоратини ўтказувчи органларнинг санитар қоидалар ва меъёрларга мос келиши тўғрисидаги хулосаси;

Олий маълумот ҳақидаги диплом нусхаси ва телекоммуникациялар тармоғини лойиҳалаш ва қуриш бўйича мутахассисларнинг меҳнат дафтарчаларидан нусха.

Бундан ташқари, ҳужжат лойиҳасида шундай тартиб ўрнатиш режалаштирилганки, унга мувофиқ, 2017 йил 1 июлидан бошлаб ўз тармоғини ташкил этиш ҳуқуқига эга бўлмаган маълумотлар тарқатиш тармоғи провайдери хизматини кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш фақат тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили асосида давлат хизматларини кўрсатиш бўйича ягона марказлар ва Ўзбекистон Республикаси интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали амалга оширилади.

Шу билан бирга, 2018 йил 1 январидан бошлаб, ўз тармоғини ташкил этиш ҳуқуқига эга бўлмаган маълумотлар тарқатиш тармоғи провайдери хизматини кўрсатиш фаолияти учун лицензия электрон ҳужжат шаклида тақдим этилади ва Ягона порталнинг электрон ҳужжатлар Репозиториясида сақланади.

ASR.UZ нинг TELEGRAMдаги каналига қўшилинг ва сўнгги янгиликларни ўтказиб юборманг
Изоҳ билдириш