54907

ОТМда контракт нархларининг оширилиш сабаблари маълум қилинди

Иқтисод 10 сентябрь 15:23 191

Бугун, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбар ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Матбуот анжуманида 2019-2020 ўқув йили учун олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматининг ўрнатилгани борасида маълумотлар тақдим этилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маъсулларининг маълум қилишича, янги ўқув йилида тўлов-контракт қиймати миқдорини 18 фоизга оширилишида (индексация қилишда) асосий омил сифатида, олий таълим муассасалари ходимларининг иш ҳақи миқдорлари, коммунал хизматлар тарифлар ва бошқа сақлаш харажатлари ошгани ҳолда, олий таълим муассасалари харажатларини даромадларига нисбатан 74 фоизга ўсганлиги инобатга олинган.

Шу билан бирга, ёшларни олий таълим билан қамров кўрсаткичи 2017/2018-ўқув йилидаги 9 фоиздан жорий ўқув йилида 20 фоизга ортганлиги ёки талабалар контингентининг 126 минг нафарга кўпайганлиги олий таълим муассасаларида ўқитувчилар ва ўқув бинолари қувватларини яратиш бўйича қўшимча эҳтиёжга олиб келади, бу эса ўз навбатида қўшимча харажатларни талаб этади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, 2019/2020-ўқув йилидан тўлов-контракт миқдорларининг ўртача 18 фоизга оширилиши — бир талабани бир йиллик ўқитиш харажатларини қисман, яъни ўртача 68 фоизи қопламоқда, холос (бунда – харажатларни қопланиши ўтган йилги даражада сақлаб қолинмоқда), — дейилади талим вазирлиги хабарида.

Изоҳ билдириш