Тадбирда Ўзбекистон Президентининг 27 июнь куни қабул қилинган матбуот хизматларини ривожлантириш тўғрисидаги қарорининг аҳамияти, айниқса, жаҳонда кечаётган ахборот қарама-қаршилиги шароитида уларнинг биринчи манба сифатидаги роли, давлат ахборот сиёсатини амалга оширишдаги мавқеини юксалтириш муҳим экани таъкидланди.

Президентнинг ушбу қарори давлат органлари томонидан қай даражада ижро этилаётгани, очиқлик ва ОАВ билан мулоқот қилишнинг зарурлиги жойларда нақадар чуқур англанаётганига алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишда давлат органларининг ахборот фаолиятидаги камчиликлари кўрсатиб ўтилди, матбуот хизматларининг ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлардаги иштироки сустлиги қайд этилди. Натижада давлат органлари катта ишларни амалга ошираётганига қарамай, олиб борилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ҳамда Президент ва ҳукумат қабул қилаётган қарорлар аҳамияти тўғрисидаги ахборотни, улар бераётган баёнотларнинг асосий мазмуни ички ва хорижий аудиторияга тўлиқ етказилиши таъминланмаяпти.

Тадбир якунида Ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсати консепсиясини тез фурсатда қабул қилиш, матбуот хизматларининг медиа маконидаги иштирокини кенгайтириш, улар ҳузурида экспертлар ва журналистлар гуруҳларини ташкил этиш, резонансли воқеалар рўй берганда давлат органлари раҳбарларининг тезкор чиқишларини уюштириш, шунингдек, аҳолини қисқа фурсатларда хабардор қилиш масаласига эътиборсиз бўлаётган мансабдор шахсларга нисбатан чора кўриш механизмини ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар билдирилди.

Бош вазир селектор йиғилиши вақтида «Ташкилотлар ўзлари ҳақидаги танқидий чиқишларга муносабат билдириши, керак бўлса халқнинг олдида ҳисобот бериши шарт. Агар нотўғри ахборот берилган бўлса, бунга ҳам муносабат билдириш керак», дея фикр билдирган.