5429

Тошкентда соғлиқни сақлаш тизимидаги 17 нафар раҳбар ишдан олинди

Ўзбекистон 29 апрель 22:16 397

2017 йил 27 апрель куни Тошкент шаҳар фаоллари йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усманов олиб борди.

Йиғилишда йилнинг биринчи чорак якунлари бўйича ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 108,9 фоизга,саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 111,0 фоизга, истеъмол моллари ишлаб чиқариш 106,8 фоизга, асосий капитал инвестициялар 115,6 фоизга, пудрат-қурилиш ишлари 109,8 фоизга, чакана савдо айланмаси 110,6 фоизга, хизматлар 113,3 фоизга ўсиши таъминланганлиги таъкидланди.

Шунингдек, 2 944 та янги кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, уларнинг сони 49 582 тага етди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 60,8 фоизни, саноатдаги улуши 67,4 фоизни, хизматдаги улуши 61,6 фоизни, аҳоли бандлигида ги улуши 56,1 фоизни ташкил этди.

Бандлик дастурига асосан жорий йил биринчи чорагида

13 297 та янги иш ўринлари яратилди, шундан 6 285 таси кичик бизнес субъектларида яратилган. Шу билан бир қаторда, 2017 йил биринчи чоракда асосий саноат корхоналарининг ишлаб чиқариш суръатларини оширишга йўналтирилган чораларга қарамасдан, ишлаб чиқариш ҳажмларини пасайтирган корхоналар сони 12 тани ташкил этган.

Бу ўринда Мирзо Улуғбек туманидаги “Узкабель” АЖ, “БФ Текстил Продакшн” МЧЖ, Миробод туманидаги “Ўзэлектроаппарат-электрощит” АЖ, “Хуавей тек. Инвестмент Ташкент” МЧЖ, Олмазор туманидаги “Оникс” АЖ, Учтепа туманидаги “Электроизолит” МЧЖ, Шайхонтоҳур туманидаги “Ўзбекистон нашриёт матбаа ижодий уйи” ДУК, Юнусобод туманидаги “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ, “Зенит электроникс Ташкент радиотехника заводи” МЧЖ, “Раупхон” МЧЖ, Яшнобод туманидаги “Узкарлсберг” МЧЖ  каби корхоналар қайд этилди.

Маҳаллийлаштириш дастурига шаҳарнинг 83 та ҳудудий корхонаси 190 та лойиҳа билан жалб этилган. Ҳисобот даврида ҳудудий корхоналар томонидан 221,2 млрд.сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилган.

“2016-2018 йилларда Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури” доирасида олиб борилган ишлар натижасида 2017 йилда 2088 та лойиҳа ишга тушириш белгиланган бўлиб, 29042 та иш ўрни ташкил этиш ва жами 263,7 млн долларлик инвестиция ўзлаштирилиши режалаштирилган.

Ушбу Дастур доирасида биринчи чоракда 377 та лойиҳани ишга тушириш белгиланганлиги, амалда эса  472 та лойиҳа ишга туширилиб, 5436 та қўшимча иш ўрини ташкил этилган.

Шаҳарда 313 та мактаб, 443 та боғча 119 та коллеж ва лицейлар, 38 та олий ўқув юрти ,жами 913 та таълим муассасаси ҳамда 150 та тиббиёт муассасаси мавжуд.

Йиғилишда таълим муассасаларида давомат ҳамда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масаласи муҳим эканлиги таъкидланди.

Ишчи гуруҳ томонидан март ойида 102 та таълим муассасаси ўрганилганда 728 нафар мактаб, 652 нафар коллеж ва лицей ўқувчиси сурункали сабабсиз дарс қолдирганлиги аниқланган. Бу каби салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг 10 март куни давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини йўлга қўйишга қаратилган Қўшма қарор қабул қилинди.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги раҳбарларнинг 17 нафари билан меҳнат шартномаси бекор қилинди, уларнинг ўрни юқори малакали, ҳалол, пок, виждонли, масъулиятли ходимлар билан тўлдирилди, 22 нафари ротация қилинди.

Тизимдаги ўрганишлар натижаларига кўра, тиббиёт муассасаларига ажратилаётган дори воситалари камлиги маълум бўлди. Бу муаммони ҳал қилиш учун шифохоналарга дори-дармон ва боғлов воситалари харид қилишга ажратилаётган маблағлар икки баробар, айримларида эса уч баробарга маҳаллий бюджет ҳисобидан кўпайтирилди.

Бундан ташқари, бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимида 1 500 дан ортиқ бўш вакант ўрни аниқланди. Ҳозирда 380 нафар коллеж битирувчиси билан тўрт томонлама, 143 нафар олий маълумотли шифокорлар билан уч томонлама шартномалар тузилди. Маҳаллалар томонидан юборилган 163 нафар фуқаронинг 140 нафари ишга қабул қилинган.

Мавжуд 60 та оилавий поликлиникаларига аҳолига малакали бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш учун 120 дона “Дамас” русумли автотранспорт воситасини бериш бўйича тегишли ишлар амалга оширилаётгани билдирилди.

Шунингдек, 2017 йилги Инвестиция дастурига киритилган объектларни қуриш, модернизациялаш ва реконструкция қилиш юзасидан буюртмачилар ва қурилиш ташкилотлари ўртасида пудрат шартномалари тузишнинг ҳолати, уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолияти самарадорлигини ошириш, кўп қаватли уй-жойлар қурилиши ҳамда ободонлаштириш тадбирлари атрофлича кўриб чиқилди.

Табиий газ, электр ва бошқа коммунал соҳалардаги мавжуд кредиторлик ва дебиторлик қарзларни тугатиш бўйича амалга оширилган ишлар муҳокама қилиниб, корхоналарнинг барқарор молиявий аҳволини таъминлаш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, тез ва шошилинч тиббий ёрдамнинг сифатини ошириш, аҳолини мақбул нархлардаги дори воситалари билан таъминлаш ҳамда таълим муассасалари фаолиятидаги мавжуд камчиликлар таҳлил қилинди.

Фуқаролар томонидан берилган ариза ва мурожаатлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда туманлар ва бошқармаларда ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чоралари кўрилди.

Изоҳ билдириш