54255

Шифокорнинг айби билан ҳомиладор аёл боласидан айрилди. Энди у…

Ўзбекистон 9 июль 11:31 401

Ургутда шифокор Гиппократ қасамёдини бузди. Касбига нисбатан бепарво ва масъулиятсизлиги туфайли у туғруқ мажмуасига келтирилган ҳомиладор аёлни тиббий текширувлардан ўз вақтида ўтказмади, аниқ ташхис қўйишга шошилмади, керакли жарроҳлик амалиётини амалга оширмади.

Ажал билан олишаётган онага эса, анча кеч – фақат сўнгги дақиқаларда жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Шу тариқа унинг ҳаёти сақлаб қолинди, аммо митти чақалоқ ҳали дунё юзини кўрмай умри завол топди.

Ўша кун Нодира (исм-фамилиялар ўзгартирилди) белида кучли оғриқ тургач, бу ҳақда қайнонасига айтади. Ўғилой опа дарҳол «Тез тиббий ёрдам»га қўнғироқ қилади. Бу пайтда соат миллари кеч тўққизни кўрсатаётганди. «Тез тиббий ёрдам» етиб келгач, навбатчи шифокор аёлнинг қон босимини ўлчаб, аҳволи яхши эканлигини айтади ва уни туғуруқ мажмуасига олиб кетишади.

Шифохонанинг қабул бўлимида навбатчи шифокор ҳам янги меҳмон кутаётган Нодирани обдон тиббий кўрикдан ўтказади. Сўнгра икки санитар ходимга аёлни иккинчи қаватга — туғуруқ залига олиб чиқишни буюради.

Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи томонидан тасдиқланган навбатчилик рўйхатига кўра, ўша куни биринчи навбатчи врач сифатида туғуруқ мажмуаси акушер-гинекологи Шукур Низомов ишлаётган эди.

Нодирани туғруқ залига чиқаришгач, аёлда оғриқ баттар кучаяди. Соат йигирма уч-у қирқларда туғуруқ дояси уни текшириб кўради-да, ўз билими ва тажрибаси асосида маслаҳат беради. Аммо Нодиранинг аҳволи енгил тортмагач, доя Н.Эшмаматова ҳамшира Муаззам опани ёрдамга чақиради. Муаззам опа Нодиранинг ёнига келиб, қорнининг юқори қисмидан пастга қарата қўли билан итаради. Бундан ҳам бирон-бир натижа бўлмайди. Шундан сўнг улар оғриқнинг зўридан қора тер босиб кетган аёлга юриб кўришни тавсия қилишади.

Юра бошлагач, Нодиранинг аҳволи яхши томонга ўнгланиш ўрнига ошқозонида қаттиқ оғриқ қўзғалади. Устига-устак, унинг юраги сиқилиб, безовталиги кучаяди. Эгилиб, эмаклаб қолган келинининг аҳволини кўрган Ўғилой опа чидаёлмайди. Доя Н.Эшмаматовадан тезда врачни чақириб келишни сўрайди.

Шукур Низомов беморни текшириб, ошқозондаги оғриқ туғуруқ билан боғлиқлиги, туғуруқдан кейин ўтиб кетишини айтади. Дард келмагани учун Нодира қанчалик ҳаракат қилмасин, енгиллашолмайди. Соат уч-у ўттизларда туғуруқ дояси учинчи навбатчи шифокор, акушер-гинеколог Дилфуза Фозиловани чақиришига тўғри келади. Афсуски, Д.Фозилова келгандан сўнг ҳам икки дунё орасида омонат турган аёл табиий йўл билан фарзандини дунёга келтиролмайди.

Беморни қабул қилиб, жавобгарлик зиммасида турган Шукур Низомов эса, туғуруқ залида эрталаб соат бешларда пайдо бўлади. У азоб чекаётган аёлнинг аҳволини кўриб, «Ҳаракат қил, болангни қийнаяпсан» дейди, холос. Беморнинг аҳволи эса, тобора оғирлашаётганди. Шундан сўнг УЗИ шифокорини чақиришга мажбур бўлишади. Мутахассис шифокор она қорнидан ёруғ дунёга интилаётган митти организмнинг юрак уриши жуда суст эканини айтади…

Судда иш мазмунан кўриш жараёнида жабрланувчи, гувоҳлар ҳамда экспертиза бюроси мутахассисларининг кўрсатмалари эшитилди, экспертиза хулосалари чуқур ўрганилди.

Гувоҳ, акушер-гинеколог Д.Фозилованинг судда кўрсатма беришича, шифокор Ш.Низомов соат олтию йигирмаларда унга қўнғироқ қилган ва Н.Носировани операция қилиш лозимлигини айтган. Кесар-кесиш жарроҳлик амалиёти амалга оширилган. Аммо чақалоқда антинотал ўлим кузатилган.

Судда сўралган гувоҳ Ш.Назарқулованинг кўрсатмасига қараганда, у туғуруқ мажмуаси неонтолог врачи сифатида Кесар-кесиш операциясида иштирок этган. Операциядан олдин шахсан ўзи «Стетоскоп» аппарати ёрдамида текширганда нажот кутаётган митти инсоннинг юрак уриши эшитилмаган.

Самарқанд вилоят суд-тиббий экспертиза бюросининг Ј-37-сонли комиссиявий экспертиза хулосасида туман туғуруқ мажмуаси акушер-гинекологи Ш.Низомов томонидан Н.Носировага амалдаги миллий стандартга мос равишда текширувлар тўлиқ ҳажмда, ўз вақтида ўтказилмагани, аниқ ташхис қўйилмагани чақалоқнинг вафот этишига сабаб бўлгани қайд этилган.

Судда вилоят суд-тиббий экспертиза бюроси “Қайта, комиссион ва комплекс экспертизалар” бўлими мудири лавозимида ишловчи гувоҳ Э.Абдумуталовнинг ҳам кўрсатмаси эшитилди. Унинг айтишича, Н.Носировага тўғри ташхис қўйилмаган, зарур тиббий текширувлар тўлиқ ўтказилмаган, лаборатория ва УТТ текширувлари вақтида бажарилмаган, терапевт кўриги ўтказилмаган.

«Меъёрида жойлашган йўлдошнинг қисман ўткир кўчиши» ташхиси эрталаб соат олтию йигирмада қўйилган. Шу заҳотиёқ шошилинч равишда жарроҳлик амалиёти ўтказилиши лозим бўлса-да, лекин бу амалиёт орадан қирқ дақиқа ўтиб, бажарилган. Чақалоққа шошилинч реанимацион ёрдам кўрсатилмаган. Оқибатда…

Судда жабрланувчи Н.Носирова ўз касбини суиистеъмол қилган врачнинг эътиборсизлиги, лоқайдлиги юрагида бир умрлик тузалмас жароҳат қолдирганини куйиниб гапирди. У бир нафар қизи борлиги, туғилажак фарзанди эса, кутганидек ўғил бўлгани, энди – жарроҳлик амалиётидан сўнг фарзанд кўролмаслигини айтиб, айбдор Ш.Низомовга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинлашни сўради.

Суд судланувчи Ш.Низомовни Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаб, уч йил тиббиёт муассасаларида акушер-гинеколог шифокор вазифасида, шунингдек, мансабдор, моддий жавобгар шахс лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиб, икки йил олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Ш.Низомовга нисбатан қўлланилган «муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат» эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у суд залидан қамоққа олинди.

Энди мавзу доирасида икки оғиз фикр юритсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Оз эмас, соҳада ўттиз тўрт йиллик иш тажрибасига эга, оилали, беш фарзанднинг отаси Шукур Низомов ўз вазифасига лоқайдлиги, касбига инсофсизларча муносабати туфайли олтмиш ёшда темир панжара ортига равона бўлди.

Албатта, жиноятга жазо муқаррар. Пайт келиб, у бу жазони ўтаб, қамоқдан чиқади, бироқ бир умр тарк этмайдиган виждон азобига қандай чидаркин?!

Изоҳ билдириш