53671

Закот, фидя ва фитр садақаларини кимларга бериш керак?

Ўзбекистон 31 май 10:16 1 133

Савол: Закот, фидя ва фитр садақаларини қаерга ёки қандай ҳолатдаги одамларга берилиши тўғрисида кенгроқ маълумот берсангизлар (Маъруф).

Жавоб: Закот, албатта, камбағалларга берилади. Камбағал деб бойлик чегарасига етмаганларга айтилади. Лекин айни закот — садақотларни кимга бериш керак эканлигини Оллоҳнинг Ўзи кўрсатиб берган. Қуръони Каримда саккиз синфдаги ёки саккиз қатлам — тоифадаги кишиларнинг закот олиши айтилган. Садақалар, закотлар:

1. Фақирларга;

2. Мискинларга;

3. Закот йиғувчи кишиларга;

4. Дини Исломга ошно қилиниши керак бўлган кишиларга;

5. Қулларни озод қилиш йўлига;

6. Қарзини тўлай олмай қолган кишиларнинг қарзини тўлашга;

7. Оллоҳ йўлида;

8. Мусофирларга берилиши керак, деб саккиз синфни бизга Оллоҳнинг ўзи баён қилиб берган:

Энди ўша саккиз синфга кирувчиларни батафсил кўриб чиқайлик.

Биринчиси — фақирлар синфидир. Тасарруфларидаги мол-давлатлари бойлик чегарасига етмаганлар фақирлардир. Яъни, уларнинг ейиш-кийишига етадиган озгина маблағи бор-у, лекин жамғармасини олтин ҳисобига оладиган бўлсак, у 20 мисқол олтин ёки 200 танга (600 гр.) кумуш қийматига етмаган. Демак, бундай киши бой ҳисобланмайди. Ва у закот олса бўлаверади.

Иккинчиси — мискинлар синфи. Бу — ўзбекча «бечора» деганидир. Яъни, чораси йўқ, ҳеч нарсаси йўқ кишидир. Албатта, бундайларга закот берилади.

Учинчи синф — закот йиғувчилар. Ислом мамлакатларида давлат томонидан солиқ йиғувчилар каби алоҳида закот йиғувчилар тайинланади. Улар бойларнинг закотини йиғиб, камбағалларга бўлиб берар эканлар, шу иш учун кетган вақтларига маош оладилар. Гарчи улар ўзлари закот бера оладиган даражада бой кишилар бўлсаларда, қилган меҳнатлари эвазига уларга тўпланган закотдан бир қисмини маош сифатида бериш мумкин.

Тўртинчи синф — дини Исломга қалблари ошно қилиниши керак кишилар, дедик. Ислом дини дунёга тарқалаётган даврларда, яъни, Расулуллоҳ тарафларидан динга даъват қилинаётган пайтда, бошқа қабилалардагиларни динимизга даъват қилиш учун пайғамбаримиз уларга ҳам бойларнинг закотларидан беришни буюрганлар. Шу нарса орқали ҳам уларнинг қалбларида динимизга нисбатан муҳаббат пайдо бўлган. Бу ҳукмни Расулуллоҳнинг вафотларидан сўнг халифа бўлиб турган ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу динимиз етарли даражада ривожланди, энди бошқа диндаги кишиларни динимизга даъват қилиш мақсадида уларга закот улашиш ортиқча, деб тўхтатиб қўйганлар.

Бешинчиси — қулларни озод қилиш учун закот бериш. Тарихдан биламизки, Қуръон нозил бўлган даврда дунёда қулдорлик тузуми ҳукм сурган эди. Ана ўша пайтда қулларни озод қилишни дини Ислом энг улуғ ибодат деб ҳисоблаган. Бойларга «Пулларингизга қул сотиб олиб озод қилиб юборинг», — деб буюрилган эди. Ҳозир қулдорлик замони бўлмагани учун бу ҳукмга, табиийки, эҳтиёж қолмаган.

Олтинчи синф — қарздорлар. Бой одам берадиган закотини қарзини тўлай олмаётган кишига берсаю, у қарзини узиб олса — Оллоҳ буюрган иш бўлади.

Еттинчи синф — фийсабилиллоҳ — яъни, Оллоҳ йўлида закот бермоқлик. Айрим уламолар Оллоҳнинг динига даъват қилаётган толиби илмларга закот берилса Оллоҳ йўлида берилган бўлади, деб ҳам тафсир қилдилар.

Закот берилиши мумкин бўлган саккизинчи синф мусофирлардир. Мусофир ўз ватанида бой бўлса-да, сафардагилик чоғида, айтайлик, ватанига қайтиб кетиши учун маблағи етарли бўлмай қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам закот бериш буюрилди.

Демак, шариатимиз назарида, фақирлар, мискинлар, қарздорлар ҳамда мусофирлар камбағалдирлар ва бойларимиз закотларини ўшаларга беришлари лозим (Шайх Алоуддин Мансур).

Закотни кимларга бериб бўлмайди: Закотни нисоб миқдоридаги моли бўлган бой кишига бериш мумкин эмас. Шунингдек закот берувчи ўзининг ота-онаси, бобо-момоси ва улардан юқоридагиларга, ўзининг ўғил-қизларига ва улардан пастдагиларга, эр-хотин бир-бирига закот бериши мумкин эмас.

Кимларга берган афзал: Ушбу саволга “Фатавои ҳиндия” китобида шундай жавоб берилган: “Закот, фитр ва назр садақаларини беришда энг афзали аввало ака-ука, опа-сингилларга берилади. Сўнг уларнинг фарзандлари. Улардан кейин амаки-аммалар сўнг уларнинг фарзандлари. Тоға-холалар ва уларнинг фарзандлари сўнг юқоридагилардан ташқари қариндошлар. Улардан кейин қўшнилар. Касбдошлар кейин ҳамшаҳарлар ёки қишлоқдошлар ҳақлидирлар.

Яна “Баҳрур роиқ”да: “Қарзи бор кишига закот бериш фақирга закот беришдан кўра афзалдир”, дейилган (ЎМИ тақдим этган жумъа мавъизасидан).

Изоҳ билдириш

Сўнгги янгиликлар