53605

Ватан ҳимояси учун «тепадаги»ларга узатиш керак…ми?

Ўзбекистон 30 май 17:41 101

Бугун ҳарбий соҳадаги ислоҳотларнинг энг муҳим амалий натижасини армиямиздаги ахлоқий-руҳий, маънавий муҳитнинг бутунлай соғломлашганида, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кескин камайганлигида яққол кўришимиз мумкин. Ўз навбатида, Қуролли Кучлар ҳарбий қисмлари ва бўлинмаларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларга республикамиз олий ўқув юртларига кириш учун тавсияномалар ҳам уларга берилаётган имтиёзлардан бири бўлди. Шу каби омиллар натижасида халқимизнинг армияга бўлган муносабати тамоман ижобий томонга ўзгарди ва муддатли ҳарбий хизматга бориш учун талабгорлар кескин ошди. Бу ҳолат эса айрим нопок кимсаларнинг даромад манбаига айланмоқда.

Ўртачирчиқлик Илҳом Иномов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам муддатли ҳарбий хизматга бориш учун астойдил ҳаракат қилади. Туман Мудофаа ишлари бўлимига бориб, тиббий кўрикдан ҳамда психологик тестлардан ўтади. Ватан олдидаги бурчини ўташ учун имконият туғилганидан хурсанд бўлади. Қолаверса, намунали хизмат қилиб, тест синовларидан муваффақиятли ўтса, олий ўқув юртларига кириш учун тавсия­номани ҳам қўлга киритади. И.Иномов шу хаёллар билан бўлинма бошлиғи Рафиқжон Шодмоновнинг чақирувига асосан унинг хонасига боради. Ҳузурига келган йигитга бўлинма бошлиғи рўпарасидаги стулни кўрсатиб, «ўтир» ишорасини қилади ва гапни узоқдан бошлайди.

— Ўзимиздаги тиббий кўрик ва тестлардан ўтди, дегани, ҳарбий хизматга кетади, дегани эмас, — деб йигитнинг ҳафсаласини синайди у. — Энди сенинг ишинг вилоят Мудофаа ишлари бошқармасида ҳал бўлади. Бунинг учун «тепадагиларга озроқ узатиш» керак, бўлмаса, ҳарбий хизматдан қолиб кетаверасан, шунинг учун олдимга отанг келсин, — дея Илҳомни кузатиб қўяди.

Йигит эртаси куни отаси Қодир Иномовни бўлинма бошлиғи ёнига жўнатади. Ота Рафиқжоннинг хонасига кириб, у билан суҳбатлашди. Тўрт мучаси соғ, девдек ўғли нима учун ҳарбий хизматдан қолиб кетиши мумкинлигини сўраганида:

— Узатмасангиз ўғлингизнинг «иши» битмайди», — дейди Р.Шодмонов.

— Қанча бўлади? — дея муддаога ўтади Қодир.

Бўлинма бошлиғи тўртта бармоғини кўрсатиб, «қоғозда олиб келасиз», дейди. Ота ноиложликдан майли дегандек, бошини қимирлатиб хонадан чиқиб кетади ва бўлинма бошлиғининг ноқонуний талаби ҳақида тегишли жойга ариза билан мурожаат қилади.

Департаментнинг Ўртачирчиқ туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда Р.Шодмонов Нурафшон шаҳридаги савдо дўконларидан бирида аризачи Қ.Иномовдан 400 АҚШ долларини олган пайтида ашёвий далиллар билан қўлга олинади. Суриштирув жараёнида Р.Шодмонов томонидан келтирилган ҳеч қандай «тепадагилар» йўқлиги, у фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритмоқчи бўлгани аниқланди.

Суд мазкур жиноят ишини атрофлича кў­риб чиқиб, ҳукм ўқиди. Унга кўра Р.Шодмоновга жарима жазоси тайинланди.

Дилшод ОБЛАҚУЛОВ

Изоҳ билдириш