53544

Расул Кушербаев: Адлия вазирлиги одамларни чалғитиб, депутатларни обрўсини тўкишга уринмоқда

Ўзбекистон 29 май 13:04 1 624

Адлия вазирлигининг “Депутатлар нега машина чироқлари билан боғлиқ баҳсда ўзларини ўзлари инкор қилмоқда?” сарлавҳали мақоласига нисбатан Расул Кушербаев муносабат билдирди.

У Адлия вазирлигини халқ олдида жавобгар бўлган масалани ечишга ҳаракат қилмасдан депутатлардан айб излаганини ва нотўғри хулоса берганини баён қилди.

Расул Кушербаев ЎзА мухбири билан бўлган суҳбатда мазкур масалага очиқчасига ойдинлик киритишга тайёрлигини билдириб, Адлия вазирлиги вазири ёки ўринбосарини очиқ дебатга чорлади.

Унинг айтишича, ўша вақтдаги қонунда фақатгина юк ва йўловчи ташувчи автомобиль воситаларига нисбатан чироқларини ёқиб юриш келтирилган. Лекин амалда бу тажриба барча ҳайдовчилар учун қўлланилмоқда. Адлия вазирлиги одамларни чалғитиб, депутатларни обрўсини тўкишга уринмоқда, дейди Расул Кушербаев.

“Нима учун Адлия вазирлиги минглаб одамларни қийнаётган муаммони ҳал этиш ўрнига биздан айб изламоқда. Айб қидириш бўлса, биз ҳам вазирликнинг камчиликларини очиқ айта оламиз. Барча қонун ҳужжатлари бўйича экспертизалар аъло даражада ўтказилиб, ҳеч бир ҳужжатда маълум гуруҳ ва шахсларнинг монополиясига йўл қўйиш, нодавлат ташкилотларига тадбиркор ва фермерларни мажбурий аъзоликка киритиш, давлат тилидан бошқа тилда ҳужжатлар қабул қилишга йўл қўйилмаганми?

Аҳолини арзон уй-жой олиши учун ҳукумат белгиланган тартибларни қўллашда қонунбузилишини кўриб туриб эса кўз юмиш ҳолатлари ҳам бўлмаган шекилли? Бу бизга маълум натижалар холос”, дейди депутат.

Расул Кушербаев адлия вазирлиги ҳақиқатан одамларга ёрдам қилишни истаса, депутатларнинг айбини изламасдан вақт ва билимни бошқа нарсага сарфлашни сўради.

Бу масалада депутат ва вазирликка очиқ баҳс учун минбар беришни таклиф этилган ва Расул Кушербаев бунга розилик билдирган.

Изоҳ билдириш