53520

Сеулда даволанаётган ўзбекистонликка суғурта компанияси компенсация тўлайдиган бўлди

Ўзбекистон 29 май 7:10 362

Ўзбекистонлик Абрам Оқилов Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги орқали 2017 йил ноябрида Жанубий Кореяга ишлашга келган, 2018 йил июлида эса комага тушиб қолган. Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси берган маълумотларга кўра, Абрам Оқиловнинг соғлиги ҳолати уни даволаётган шифокорлар томонидан «барқарор» деб баҳоланмоқда.

«Айни пайтда беморнинг олдида бўлиб турган онаси, акаси ва синглисига уни аравачада касалхона ҳудудида сайр қилдиришларига шифокорлар томонидан рухсат берилди», — дейилади Ташқи ишлар вазирлиги ахборотида.

Қайд этилишича, Ўзбекистон элчихонаси, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ваколатхонаси ҳамда адвокатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида суғурта компанияси Абрам Оқиловнинг Жанубий Корея касалхонасида даволаниши билан боғлиқ барча харажатларни қоплаш ва унинг меҳнатга лаёқатсиз бўлган даври учун компенсация тўлаш тўғрисида қарор қабул қилган (аввалроқ уни даволаётган шифохона 93 минг долларлик ҳисоб чиқаргани ҳақида хабар берилган эди).

«Дипломатик ваколатхона мазкур масалани назоратга олган ва беморга ғамхўрлик қилаётган қариндошлари билан доимий мулоқотда бўлиб турибди», — дея қўшимча қилинади ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти ахборотида.

Изоҳ билдириш