53063

«Обод қишлоқ» маблағларини талон-торож қилганлар жиноий жавобгарликка тортилди

Ўзбекистон 3 май 10:31 814

Халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётидан рози ва мамнун бўлиб яшаши керак. Президентимиз илгари сурган ушбу тамойил асосида мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Гап одамларнинг ҳаётдан, бугунги яшаётган кунидан розилиги ҳақида борар экан, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ижроси юзасидан олис қишлоқлар, қаровга, эътиборга муҳтож маҳаллаларда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини алоҳида қайд этиш лозим. Зеро, ушбу дастурлар одамларнинг бандлик, тиббиёт, таълим, электр энергияси, газ, ичимлик суви, йўллар каби кундалик турмушидаги бирламчи эҳтиёжларини қаноатлантиришга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

Давлатимиз раҳбари мазкур дастурлар ҳақида тўхталар экан, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш ислоҳотларимиз ичида энг муҳим ўринлардан бирини эгаллайди. Чунки биз халқимиз олдида уларнинг муаммоларини ҳал этиш, турмуш шароити ва ҳаёти сифатини яхшилашга бурчлимиз», деган эди.

Дарҳақиқат, «Обод қишлоқ» дастури доирасида сарфланаётган миллиардлаб маблағлар эвазига чека-чекка ҳудудларда қурилиш ишлари амалга оширилиб, қишлоқлар обод бўлмоқда. Юртимизда амалга оширилаётган бундай ислоҳотларга соя солаётганлар борлиги дилингизни ғашлайди.

2018 йилда Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманидаги «Кушек» қишлоғи ҳам «Обод қишлоқ» дастурига киритилиб, ҳудудда комплекс равишда янгилаш ишлари амалга оширилди. Уй-жойлар таъмирланди, ён-атрофи ободонлаштирилди. Ичимлик суви тармоқлари таъмирланди, қишлоқни туман маркази билан боғлайдиган ҳамда қишлоқ ички йўллари ва пиёдалар йўлаклари барпо этилди. Шу жараёнда Тошбой Исмоилов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) раҳбарлик қилаётган «Agrotexsanoatxolding Qurilish» масъулияти чекланган жамиятига ҳам ишонч билдирилди. Мазкур МЧЖ билан туман ободонлаштириш бошқармаси ўртасида шартнома имзоланади. Унга мувофиқ, жамият томонидан қишлоқдаги уйлар атрофи ободонлаштирилиб, декоратив йиғма девор билан ўраш белгиланади. Т.Исмоилов шартнома шартларини бажаришга киришади. У дастлаб 4 миллион 800 минг сўмлик декоратив йиғма девор олиб келиб ўрнатади. Қолган ишлар эса ўз ҳолига ташлаб қўйилади. Бу орада туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Фарид Абилов МЧЖ раҳбарига бир неча марта қўнғироқ қилиб, қолган ишларни ҳам охирига етказишни талаб қилади. Т.Исмоилов эса ҳисоб рақамида пул йўқлиги, шартномада кўрсатилган пулларни ўтказиб берса, ишни битиришини айтади.

Аслида шартномага мувофиқ, бажарилиши лозим бўлган ишлар охирига етказилгач, кўрсатилган маблағ МЧЖ­нинг ҳисоб рақамига ўтказилиши керак эди. Туман ободонлаштириш бош­қармаси бошлиғи Фарид Абилов буни жуда яхши билса-да, Т.Исмоиловнинг найрангига «лаббай» дея жавоб бериб, барча ишлар тўлиқ бажарилгани ҳақида далолатнома тузиб, унга сохта маълумот ва ёзувлар киритиб, расмийлаштиради. Ишлар бажарилмаганини била туриб, далолатномага имзо чекиб юбораверади. Оқибатда «Обод қишлоқ» дас­турига ажратилган маблағлардан 123 мил­лион 234 минг сўм пул «бажармаган ишлари учун» «Agrotexsanoatxolding Qurilish» МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб берилади. Мақсадига эришган Т.Исмоилов пул келиб тушиши билан уларни ўзлаштириб, талон-торож қилади. Ф.Аби­лов эса ноқонуний ҳаракати оқибатида «чапак чалиб» қолаверади.

Қинғир ишнинг қийиғи, бир кун албатта ошкор бўлади, деб бежизга айтишмайди. Департаментнинг Қуйичирчиқ туман бўлими томонидан ўтказилган текширишда Т.Исмоилов ҳамда Ф.Абиловнинг қилмишлари фош этилди. Уларга жиноят ишлари бўйича Қу­йи­чирчиқ туман судининг ҳукми билан тегишли жазо тайинланди.

Президентимиз олиб бораётган сиёсатнинг туб моҳиятини тўла тушуниб етмаган, халқ манфаатларидан кўра ўз жиғилдонини кўпроқ ўйлаган кимсаларга, гувоҳи бўлганингиздек жазо муқаррардир.

Мирзоқул ЮЛДАШЕВ,

Департаментнинг Қуйичирчиқ туман

бўлими бошлиғи

Изоҳ билдириш