52916

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўрта Чирчиқдаги автобус аварияси бўйича маълумот берди

Ўзбекистон 29 апрель 22:20 244

Жорий йил 29 апрель куни соат 01.44да Ўрта Чирчиқ тумани ҳудудидан ўтувчи 4Р20 автомобиль йўлининг 6-километрида «Мерседес-бенс» русумли автобус йўлдан чиқиб кетиб, автоҳалокатга учрагани ҳақда хабар қилинган эди.

ЙТҲ оқибатида автобус ичида 53 та йўловчидан 27 нафари турли даражада тан жароҳати олган. Жароҳатланганларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган стандартларга мос равишда зудлик билан текширувлардан ўтказилиб, белгиланган тартибда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Улардан 19 нафарига амбулатор ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган. Яна 2 нафари Нурафшон шаҳар тиббиёт бирлашмасида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, уйига рухсат берилган. Улар потранаж хизматига назоратига олинган. Қолган 6 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Травматология ва Шошилинч хирургия бўлимларига ётқизилди. Уларнинг икки нафари: 54 ёшли Асқад Кобилов ва 2,5 ёшли Робия Маъмурбоева муваффақиятли операция қилинди. Айни пайтда жароҳатланган беморлар ўзларини яхши ҳис қилишмоқда.

Бундан ташқари, ушбу йўл транспорт ҳодисаси иштирокчиси бўлган барча йўловчиларнинг хонадонларига борилди, аҳволидан хабар олиниб, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари ташкил этилган.

Барча беморлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги назоратида.

Изоҳ билдириш