52881

Табиий офат зарарларини қоплаш тартиби қандай?

Иқтисод 25 апрель 14:31 769

Шу кунларда кучли шамол ва ёмғир оқибатида дарахт шохларининг автомобиль устига ағнагани, сел ёки ер кўчкиси оқибатида зарар кўрган автомобиллар ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда кўп тарқатилмоқда.

Шу ўринда савол туғилади: транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғуртаси ушбу зарарларни қоплайдими?

2008 йилда жорий этилган мазкур амалиёт “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарори билан тартибга солинган. Суғуртанинг ушбу тури суғурта ташкилотлари томонидан бир хил шартлар асосида амалга оширилади. Демак, мажбурий автосуғурта барча ҳайдовчилар учун мажбурий. Қайси суғурта компаниясида суғурта полисини харид қилиш эса ихтиёрий.

Мажбурий автосуғуртада ҳайдовчининг автомобилни бошқариш вақтида бошқа кишининг соғлиғи ёки мол-мулкига (ўзи бошқарувидаги автомобилга эмас) зарар етказиши оқибатида зарар ўрнини тўлаб бериши мажбурияти суғурталанади. Яъни ушбу зарарнинг ўрни ёки унинг маълум қисми “айбдор” ҳайдовчи томонидан эмас, балки суғурта компанияси томонидан тўлаб берилади. Дейлик, ҳайдовчи ўз бошқарувидаги автомобилида кутилмаган тасодиф билан йўлда сигирни уриб юборди. Натижада кимнингдир мулки бўлган чорва моли нобуд бўлди. Бунда ҳайдовчида мол эгасига унинг қийматини тўлаш мажбурияти юзага келади. Бундай ҳолатда суғурта компанияси ҳайдовчининг зарарни қоплаб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

Ёки кучли шамол туфайли кўп қаватли уй атрофида турган машина устига дарахт қулади ва транспорт воситаси пачоқ бўлди. Натижада машина эгасининг ўзи моддий зарар кўрди. Бундай ҳолатда автомобиль эгаси кимгадир зарар етказмаган. Демак, суғуртанинг мажбурий автосуғурта тури бўйича ҳеч қандай зарар қоплаб берилмайди.

Ҳайдовчи автомобилни бошқариш вақтида кутилмаганда учинчи шахснинг соғлиғи ёки мулкига зарар етказиб қўйса, суғурта компанияси ушбу зарар учун ҳайдовчига эмас, жабрланувчига зарар миқдорича ёки кўпи билан 12 млн. сўмгача пул тўлаб бериши мумкин.

Суғурталанган ҳайдовчининг эҳтиётсизлиги оқибатида кимнингдир соғлиғи ёки ҳаётига жиддий зарар етган бўлса, 12 млн. сўмнинг 65 фоизи, яъни 7,8 млн. сўмгача, агар мулкига етган зарар учун 35 фоизи, яъни 4,2 млн. сўмгача маблағ тўлаб берилади.

Ушбу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 16 мартдаги қарори билан 2019 йилнинг 16 июнидан ўзгаради, яъни зарарни қоплаб бериш суммаси 12 млн. сўмдан 40 млн. сўмгача оширилади.

Ортиқхўжа НОРОВ,
“Ўзбекинвест” Миллий суғурта компанияси мутахассиси.

Изоҳ билдириш