52425

Шаҳнозахон Мирзиёева реабилитация марказига эга МТМ очилишида қатнашди

Ўзбекистон 5 апрель 14:43 2 941

Нукус шаҳрида реабилитация марказига эга бўлган биринчи мактабгача таълим муассасаси очилди. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Очилиш маросимида Мактабгача таълим вазири Агрипина Шин, президент маслаҳатчиси Абдужаббар Абдувахитов, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Нарбаева, Қорақалпоғистон Жўғорғи Кенгаши Раиси Мусо Эрниёзов, Соғлиқни сақлаш вазирлиги вазир ўринбосари Эльмира Баситханова, Ўзбекистон триатлон федерацияси раиси Отабек Умаров, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов иштирок этди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Тантанали очилиш маросимида лойиҳа бош координатори, Мактабгача таълим вазирлиги Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш ва стратегик ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, лойиҳа координатори Шаҳноза Мирзиёева сўзга чиқиб, ушбу лойиҳа аҳамияти ва Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларга давлат томонидан қаратилаётган эътибор хусусида гапирди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Мазкур муассаса жисмоний турли нуқсонлари бўлган болаларни ижтимоий-маданий муҳитга жалб этиш, уларни мактабгача таълим ва соғломлаштириш реабилитацияси билан таъминлаш имконини яратиб беради.

Ушбу мактабгача таълим муассасаси 120-150 нафар имконияти чекланган тарбияланувчиларга мўлжалланган.

Нукус шаҳридаги ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаси Оролбўйи минтақасининг чека ҳудудларида яшовчи болалар ушбу муассасада тунда қолиши учун ҳафтасига 5 кун мобайнида туну-кун ишлайди. Куннинг биринчи ярмида тарбияланувчилар махсус педагогика бўйича малака ошириш курсларини тамомлаган тарбиячилар билан ўқув дастури бўйича шуғулланадилар, куннинг иккинчи яримда эса штатдаги тиббий ходимлар назорати остида соғломлаштириш-реабилитация муолажаларидан ўтадилар.

Реабилитация марказининг коррекцион-таълим хоналари парафин печи, тиббий тренажёрлар, қуруқ массаж ванналари, нейро-ортопедия пневмокостюмлари, мобиль стендерлари, ортопедия велосипедлари, ётиқ самокатлар, мослашувчан креслолар, вестибуляр аппаратни ривожлантириш ускуналари, сенсор интеграцияси маҳсулотлари, “Саундбим” тизими ва физиотерапия аппаратлари каби хорижий ускуна ва инвентарлар билан жиҳозланган. Даволаш тадбирлари ривожланишда бузилишларни тузатишга, тиббий реабилитация ва ижтимоий мослашувга йўналтирилган. Шунингдек, реабилитация марказида мактаб ёшидан ўтган жисмоний ривожланишида турли нуқсонлари бўлган болалар учун ҳам муолажалар ўтказилади.

Мактабгача таълим вазирлиги реабилитация марказларига эга бўлган ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаларини республиканинг бошқа ҳудудларида қуриш ва фойдаланишга топшириш бўйича ишларни давом эттиради.

Изоҳ билдириш