52409

Давлатимиз раҳбари айрим мутасадди ва раҳбарларни кескин танқид қилди

Ўзбекистон 5 апрель 0:28 1 331

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 4 апрель куни 2019 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича Давлат бюджетига тушумлар ва экспорт прогнозлари ижроси натижадорлиги ҳамда биринчи ярим йиллик учун белгиланган кўрсаткичларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу вазифанинг аҳамиятини ҳамма раҳбар ҳам бирдек англаб етмаётганини кескин танқид қилди. Жумладан, бюджетга тушумлар прогнози 9 туман ва шаҳарда бажарилмаган.

Айниқса, Тошкент шаҳрининг ўн битта туманидан еттитасида тушумлар прогнози бажарилмаган. Ушбу туманлар солиқ инспекциялари раҳбарлари лавозимларидан озод этилди.

Шаҳар ҳокимлиги ва солиқ идоралари раҳбарлари томонидан бюджетга тушумларни таъминлашда сусткашликка йўл қўйилганлиги қаттиқ танқид остига олинди.

Бундай ҳолатлар вилоятларда ҳам қайд этилган. Шу сабабли Давлат солиқ қўмитасига маҳаллий бюджетга тушумлар прогнози бажарилмаган қатор туман ва шаҳар солиқ идоралари раҳбарларининг лавозимига лойиқлигини танқидий кўриб чиқиш топширилди.

Давлатимиз раҳбари айрим соҳа ва тармоқ мутасаддилари ва ҳудудлар раҳбарларини бу борада мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани учун кескин танқид қилди.

 

Экспортбоп маҳсулотлар бўйича қандай устунлик жиҳатлар мавжудлиги, қайси ҳудудда қандай маҳсулот етиштириш ва қаерга экспорт қилиш мақсадга мувофиқлиги бўйича қисқа муддатда амалий таклифлар ишлаб чиқишга топшириқ берилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, экспорт қилинаётган товарларни божхонада расмийлаштириш, товарлар учун назорат идораларидан рухсат олишни соддалаштириш бўйича қатор вазифаларни ҳал этиш лозим. Мисол учун, мамлакатимизда экспорт ҳужжатларини расмийлаштириш 96 соат вақт олса, хорижда бунга 12 соату 20 дақиқа кетади, холос.

Бу соҳада “Ягона дарча” тизими тўлиқ жорий этилмагани оқибатида тадбиркорлар ўз маҳсулотини экспорт қилишга рухсат олиш учун камида 10 та идорага бориши лозим.

Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасига экспорт-импорт операцияларига рухсат берувчи идораларни жалб қилган ҳолда ташқи иқтисодий фаолият билан боғлиқ давлат хизматларини қамраб олувчи “Ягона дарча” тизимини жорий этиш топширилди.

Давлат божхона қўмитасига пишиқчилик даврида божхона постларининг ўтказувчанлигини ошириш ва тирбандликка йўл қўймаслик учун тегишли чоралар кўриш вазифаси юклатилди.

Президентимиз экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва маҳсулот етиштиришнинг прогноз ҳажмлари ижросини тўлиқ таъминлаш лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Экспорт бозорларида мамлакатимиз ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида мева-сабзавотчиликка ихтисослашган Ғаллаорол, Зомин, Булунғур, Ургут, Қибрай, Паркент, Олтиариқ туманлари ва Қувасой шаҳрида ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги бирлашмалари фаолиятини самарали йўлга қўйиш зарур.

Шунингдек, “Ўздавкарантин” инспекциясига гилос, ўрик, олча каби бозори чаққон меваларни хорижий бозорларга фаол кириб боришини таъминлаш мақсадида чет эл карантин хизматлари билан музокаралар ўтказиб, экспортчиларимиз учун қулай шароитлар яратиш чораларини кўриш топширилди.

Транспорт-логистика харажатларининг юқорилиги мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишга салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди. Ушбу муаммони ҳал этиш йўлидаги биринчи қадам сифатида жорий йил февраль ойида юртимизга импорт қилинадиган вагонлар божхона божларидан озод қилинди.

Бу борада Транспорт вазирлигига мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга оширишда темир йўл транспортининг имкониятларидан кенг фойдаланиш, “ягона дарча” тамойили асосида соддалаштирилган механизмни жорий этиш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари, юк транспорти паркини кескин ошириш учун ишлаб чиқарилганига 4 йилдан ошмаган автомобиль транспорт воситаларини сотиб олиш учун кредитлаш тизимини жорий этиш бўйича таклиф киритишга топшириқ берилди.

Йиғилишда ҳар бир тармоқ ва ҳудуд раҳбари экспортдан тушумлар барқарор ва ўз вақтида келиб тушиши учун шахсан жавобгар экани белгилаб қўйилди.

Изоҳ билдириш