52227

ИИББ: Автомобилларда ёруғлик қурилмаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш қонунан жазоланади

Ўзбекистон 1 апрель 11:33 1 074

2019 йилнинг 1-январь кунидан 29-март кунигача бўлган муддат ичида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан 352 нафар ҳайдовчиларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 127-моддаси “Транспорт воситаларининг товуш чиқарувчи, ёритувчи ва бошқа қурилмаларидан фойдаланиш, уларни ўрнатиш қоидаларини бузиш” бўйича маъмурий баённомалар тузилди. Фақатгина 29-март кунининг ўзидаёқ 20 маротаба юқоридаги каби ҳуқуқбузарликлар содир этилган, бир кун олдин эса (28-март куни) ушбу кўрсаткич 37 тани ташкил этган.

Қонунлар шунчаки пайдо чиқарилмайди: ЙҲҚга киритилаётган ҳар бир ўзгариш йўл ҳаракати хавфсизлиги талаби ҳисобланиб (сиз ва бошқалар учун), улар ачинарли статистикага асосланган. Ксенон ва светодиод лампочкалари билан боғлиқ масалага тўхталадиган бўлсак, бир тарафдан қараганда, улар ҳақиқатдан ҳам йўлларни яхшироқ ёритадигандек туюлади. Аммо кўпинча акси бўлиб, кутилган натижага эришмаган ҳайдовчи қуйидаги маънодаги эълон беришига тўғри келади: “Ксенон лампаларини Кобалтнинг асл лампаларига алмаштираман, ортиқча тўловсиз, ўрнатиш ҳаражатларини ўзимнинг зиммамга оламан”. Бу каби эълонлар кўпаётгани сизни ажаблантирмаяптими? Ҳайдовчи пул сарфлаб, завод комплектациясини алмаштирган, энди эса ҳаммасини ўз ҳолига қайтармоқчи – гап нимада эканлиги қизиқми?

Ксенон лампочкалари тарафдорларининг айтишича, бу каби фаралар йўлларни ёрқинроқ ёритади. Тўғри, улар кўпроқ ёруғлик таратади, аммо уларнинг ёруғлиги бошқа томонга йўналтирилган. Гап шундаки, ёруғлик автомобилга нисбатан яқинроққа тушиб, натижада йўллар ксенон фаралари томонидан…  ёмонроқ ёритилади. Бу солиштириш синовлари натижаси билан тасдиқланган.

Шу билан бирга ҳайдовчилар фараларнинг оқ нури сариқ рангли нурдан афзал эканлиги борасида тез-тез баҳслашишади. Ёмғирли об-ҳавода бу ўзгариш йўллар кўринишини 40% га камайтириши мумкин… Балки Сергели туманида жойлашган устахонадаги Алишер-ака ҳақиқатдан ҳам “ксеноно-лэд” масаласини автоконцернлардаги олий маълумотли ва тажрибали муҳандислардан яхшироқ тушунар.

Йўлларнинг кўриниши фақатгина ламочкаларга эмас, балки фара мосламаларига, шу билан бирга, ундаги нур қайтарувчи элементларга ҳам боғлиқ. Ҳар бир заводда фара/фонарлар маълум лампочка турларидан келиб чиқиб ишлаб чиқарилади. Ксенон ва галоген нурларида фарқ бор, айнан шу сабабли бошқа турдаги лампочка танлаб фаралар сифатини пасайтириб қўйиш мумкин.

Қоидалар фақатгина ҳайдовчиларнинг хавфсизлигидан келиб чиқиб эмас, бошқа ҳайдовчиларга нисбатан юзага чиқиши мумкин бўлган хавфни деб ҳам ўйлаб чиқилган. Фара йўлни ёмон ёритиб, яқин атрофда ҳаракатланаётган ҳайдовчиларнинг кўзларини олиши мумкин, бу эса йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлиши эҳтимоли бор. Ўрни келганда ёритиш мосламаларини “ижодий” ўзгаришлари ҳақида ҳам тўхталиш керак: улар инстаграмдаги суратлар ёки кўргазма учун яхши бўлиши мумкин, аммо йўллар учун эмас, боиси – бу каби фаралар ҳайдовчиларни чалғитиб, умумий хавфсизликка таҳдид солишади.

Нима сабабдан Ўзбекистонда «Автотранспорт воситалари конструкциясининг фойдаланиш шартлари бўйича хавфсизлиги тўғрисида»ги умумий техник регламентга мувофиқ автомобилнинг ташқи ёритиш мосламаларига ўзгартириш киритиш тақиқлангани тушунарли деб умид қиламиз. Автомобилга заводда ўрнатилган ксенон ва светодиод фаралар эса кўринишни ёмонлаштирмайди ҳамда бошқа ҳайдовчиларга халақит бермайди, шунинг учун улар тақиқланмаган.

Ҳайдовчиларга шуни эслатиб ўтишимиз керакки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 127-моддасига мувофиқ, товуш сигналини сабабсиз бериш, транспорт воситаларига уни ишлаб чиқарган корхона назарда тутмаган товуш чиқарувчи ва ёритувчи қурилмаларни ўрнатиш, худди шунингдек уларни ўзгартириб ўрнатиш – энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Транспорт воситаларига товуш чиқарувчи ва ёритувчи махсус қурилмаларни ўрнатиш, худди шунингдек давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни англашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиш — ана шу қурилмаларни мусодара қилиб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бундан ташқари, қонунчиликнинг маълум талабларига номувофиқлик юзага келса, транспорт воситаси жарима майдончасига жойланади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 24.12.2015 йилдаги 370-сон Қарорида бир қатор ҳолларда транспорт воситасининг эксплуатацияси тақиқлангани келтирилган, ташқи ёритиш асбобларига эса алоҳида параграф бағишланган.

Йўллардаги хавфсизлигингиз ҳақида қайғуриш билан бирга, йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларининг хавфсизлигини ҳам ҳурмат қилинг! Акс ҳолда ҳамма учун хавфли бўлган транспорт воситангиз жарима майдончасига тушишини таъминлаймиз,-дейилади ИИББ хабарида.

Изоҳ билдириш