52061

«Коррупция» аталмиш «махлуқ»ни кимлар озиқлантирмоқда?

Ўзбекистон 27 март 11:48 540

Порахўрлик муаммоси ҳақида фикр юритишар экан, одамлар кўпинча ўзлари билиб-билмай унинг ривожига “ҳисса” қўшаётганларини англаб етмайдилар. Баъзан бу “еб тўймас махлуқ” балосидан икки-учта ишдан бўшатишлар билан қутулиш мумкиндек туюлади. Лекин минглаб одамлар – оддий уй бекаларидан тортиб фирмалар ходимлари, автомобиль ҳайдовчилари, бошқа ўнлаб касб эгалари ўз қўллари билан боқиб турган бу офат балосини юзлаб порахўрни вазифасидан четлатиш билан ҳам бартараф этиш мумкин эмаслигини анлаб етмайдилар…

Тошкент шаҳар ИИББ сайтида коррупция муаммоси ҳақида мақола эълон қилинди. Бир пайтлар Ўзбекистон ва бошқа шарқ халқлари турмуш маданиятига дахлдор бўлган, яхши хушхабар эшитганда – фарзанд ёки набира кўрганлиги, тўй хабарини келтирган кишига рўмолча, белбоғ совға қилиш, яъни “суюнчи” бериш гўзал анъана ҳисобланган. Бугунги кунда эса бу ажойиб одатнинг кўриниши, “турқи” бузилган. Энди деярли ҳар бир киши уни ишга қабул қилаётган идора раҳбари ёки ҳужжатини расмийлаштираётган ходимни олдиндан “рози қилиш”га интилади. Буни зиммасидаги “мажбурият” сифатида қарашга ўрганиб қолган. Агар бунга имконияти йўл бермаса у ўзига “номуносиб иш”ни беришларидан чўчиб туради. Агар шундай ҳолат юз берган тақдирда ҳам бирор жойга шикоят қилишга ўзини ноҳақ, деб билади. Тўғри, бундай ҳолатлар юзасидан шикоятлар тушиб туради. Уларнинг аксарияти тўғри, деб топилади ҳам. Чунки илгари имконияти борлардан “рағбатлантирилган” ходимлар энди ҳар бир кўрсатган ёрдами, хизмати учун нимадир таъма қилишга одатланиб қолган бўлади.

Шундай ҳоллар ҳам учрайдики, баъзан одамлар бундай “суюнчи”ларни ходимларнинг қаршилигига қарамай уларга тиқиштиришга интилишади. Яна бундай ишларини “агар олмасангиз хафа бўламан”, “буни чин кўнгилдан бераяпман” деган сўзлар билан оқлайдилар ҳам. Баъзан бу гаплардан кейин “мукофотни” олмасдан иложи қолмайди.

Бунга ёрқин мисол яқинда Ўзбекистондаги оммавий телеграм-каналлардан бирида кўрсатилди. Намойиш этилган видеода адашиб қолган боласини топган бахтли ота бунга кўмаклашган ички ишлар бўлими ходимларига “суюнчи” беришга интилаётгани кўриниб турибди. Бу ота ички ишлар ходимларининг қаршилигига қарамай, “суюнчини” ташлаб, ташқарига отилиб чиқмоқда. Эҳтимол у ўзининг милиция ходимларидан нақадар миннатдор эканлигини изҳор қилмоқчи бўлгандир, аммо беихтиёр кейинчалик унинг мавжудлигидан шикоят қилишга мажбур бўладиган муаммонинг вужудга келишига кўмаклашганини ўйлаб ҳам кўрмади. Кейинчалик ушбу воқеа хусусида дўстларига сўзлаб берганида, “албатта, мен уларни қуруқ қўймадим, шу сабабли сидқидилдан интилишди” деб ҳам қўшимча қилиши эҳтимолдан йироқ эмас. Бу билан Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий кўмаклашиш маркази ходимининг болани топишга сарфланган беминнат хизмати, уни излаган ва марказга келтирган бошқа кишиларнинг беғараз ёрдамига ноҳақ соя солинди.

Шаҳар ИИББ раҳбарияти томонидан ҳуқуқ-тартибот органларида коррупциянинг илдизини қирқиш, кадрлар таркибини янгилаш борасида катта ишлар қилинмоқда. Лекин биз томонимиздан жалб этилган ва тарбияланаётган ёш кадрларни ҳам одамлар ўз “миннатдорчилиги”, “суюнчи”лари билан эски оқимга тортмоқда. Гап бу ерда фақат уларнинг бажарган бирор-бир ишидан ниҳоятда розилиги, миннатдорчилиги хусусида эмас, балки баъзи одамларнинг ана шу йўл билан ўзи содир этган қонунбузарчиликларни хаспўшлашга интилишади ҳамдир.

Шундай вазиятни кўз олдингизга келтиринг: Йўл-патруль хизматида ўз вазифасига виждонан ёндашадиган, ростгўй ходим ишлайди. Кунларнинг бирида у йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчини тўхтатади. Бу одам кўзда ёш билан ундан айни шу кунларда ҳаётида оғир кунлар содир бўлганлигини айтиб, кечиришини сўрайди. Йўл-патруль хизмати ходими ўз вазифасига тегишли йўриқномаларни бузиб бўлса-да, унинг аҳволига тушуниб ҳайдовчини қўйиб юборади. У эса кетиш олдидан ходимнинг қўлига “миннатдорчилик”ни қистиради. Ана шундай ҳайдовчиларнинг бир нечтасига дуч келган ва улардан бундай “миннатдорчилик”ларни қабул қилган йўл-патруль хизмати ходими кейинчалик  бундай воқеаларга оддий ҳол сифатида қарайдиган бўлади. Бир-икки йилдан сўнг эса ҳайдовчиларга ана шундай “рағбатлантиришга” ишора қила бошлайди, ёки очиқдан-очиқ бериладиган пора эвазига уларнинг қоидабузарликларига кўз юма бошлайди. Сиз ана шундай йўл-патруль хизмати ходимига дуч келишни истайсизми? Албатта йўқ! Унда бу сингари ходимларнинг “туғилиши”га сабабчи бўлманг.

Ҳам куладиган, ҳам куядиган жойи шундаки, йўл-патруль хизмати ходими қўлидан аввал ўзини бечораҳол, оғир аҳволда қолган киши сифатида кўрсатиб қутилган ўша ҳайдовчи орадан кўп ўтмай ички ишлар ходимларининг “пулга сотилиши” ҳақида ҳикоя қилаётганини эшитсангиз ҳайрон бўлманг. Бундай пайтлар улар негадир ўзларини ўша ходим олдида “ёлвораман, аҳволимга тушунинг, жон ака!” дея ялиниб турган лаҳзаларини ва унинг қўлига пул тиқиштираётганини унутиб қўйишади.

Порахўрлик содир бўлганлиги ҳақидаги воқеадан огоҳ бўлиб, буни яширган шахс порани берган ёки олган кишидек бир тарзда айбдордир. Ривожланган ҳеч бир жамиятда масъулиятдан қочиш рағбатлантирилмайди. Жавобгарликдан қочадиган шахсни улар муносиб инсон, деб ҳисобламайди. Тўғри, ҳар ким ҳам хато қилиши мумкин, лекин асосий кўрсаткич унинг кейин ўзини қандай тутиши, қилган иши учун жавобгарлик ҳиссини туйишидадир. Йўл ҳаракати қоидасини бузганлигингиз учун ҳужжат расмийлаштирилса, автомобилингиз жарима майдончасига олиб кетилса, бунинг учун жарима тўласангиз беҳуда талвасага тушмаслигингиз лозим. Йўл ҳаракати қоидасини буздингизми – ҳуқуқий инсон сифатида жавобгарликни ҳам бўйнингизга олинг.

Коорупция аталмиш “махлуқ”нинг учинчи “жозибадор” томони – одамлардаги ўз ҳаётини майда-чуйдалардан холи қилишга бўлган жиловланмаган интилишдир. Мисол учун, шифокорлар кўригидан ўтишга вақт сарфламай поликлиникадан далолатнома сотиб олиш, бошқаларга ўхшаб навбат кутмай бирор-бир хизмат кўрсатилишини пул эвазига тезлаштириш шулар жумласидандир. Булар вақтдан ютишнинг фақат иккита “оддий ва беғараз” усули эмас, балки болаларингизнинг ҳам келгусида қонунбузарлик орқали ўз ишини “тез ва соз” битказишга ўргатувчи сиз кўрсатган машъум бир мисолдир. Яъни, улар ана шундай қонунбузарликларга сизнинг хатти-ҳаракатларингиз тимсолида ўрганиб боришади.

Унинг билан мағрурланиш мумкин бўлган келажакни кўрмоқчимисиз?

Бугунданоқ турмуш ва фикрлаш тарзингизни ўзгартиринг. Атрофингиздагиларни ҳам шунга унданг. Қонун-қоидалар бузилишига йўл қўйманг. Аввало, йўлда автомобиль тезлигини оширманг, қўшнилар эшигининг олдига чиқиндиларни ташламанг, баҳслашганда бошқалар шаънини камситманг – бунда ҳам вақтдан, ҳам пулдан тежайсиз. Оқибатда ўзингизга ҳам, жамиятга ҳам фойда. Бирор-бир иш сиз ўйлаганчалик битмайди, деган ҳаёлда “мукофот” пули беришга шошилманг. Агар натижа сизни қониқтирмаса бу ҳақда улардан юқори идораларга хабар беришингиз, санкциялар қўлланилишига эришишингиз мумкин. Агарда пора беришга ундаш ҳолларига дуч келсангиз белгиланган тартибда тегишли органларга ўз вақтида мурожаат қилинг.

Йўл қўйган хатоларингиз учун масъулият ҳиссини туйишни ўрганинг. Жаримани давлат хазинасига ёки бирор-бир ходимнинг чўнтагига тўлаш – бошқа-бошқа нарса эканлигини унутманг. Бири қонуний бўлса, бошқаси жиноятдир. Бунда пенсия тўлашга, мактабларни ва шифохоналарни таъмирлашга сарфланадиган давлат бюджетини тўлдириш бегона чўнтакни қаппайтириш ҳамда шу билан бирга коррупцияга йўл очишдан афзаллигини унутманг.

Агар сизга бирор хизмат кўрсатишса “раҳмат”ни пул билан эмас, оддий сўз билан айтишга ўрганинг. Сўз билан миннатдорчилик билдиринг, ёрдамингизга муҳтожлардан кўмагингизни аяманг. Бу билан хайрли иш қилган бўласиз. Кексаларга ҳовли-жойини тартибга келтиришга кўмаклашинг, қариялар уйида яшовчиларга эътибор кўрсатинг. Бизнинг Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказимизга озиқ-овқат маҳсулотлари билан ёрдам беринг. Бошқаларга яхшилик қилиш, ҳиммат кўрсатишнинг йўли кўп – ўзингиз танланг.

Ана шунда “коррупция” аталмиш “махлуқ” ҳалокатга маҳкум бўлади. Фақат шундагина сиз ўзингизга ва фарзандларингизга ҳақиқатдан ҳам мағрурланиш мумкин бўлган келажакни совға қилган бўласиз,- дейилади мақола сўнгида.

Изоҳ билдириш