51677

Мирзиёев гапидан кейин юқори рутбали ИИВ ходимлари участка нозирига айланмоқда: ИИБ расмий муносабат билдирилди

Ўзбекистон 13 март 9:35 2 310

ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси томонидан “Мирзиёев гапидан кейин юқори рутбали ИИВ ходимлари участка нозирига айланмоқда” номли мақолага расмий муносабат билдирилди.

Ижтимоий тармоқларда “Мирзиёев гапидан кейин юқори рутбали ИИВ ходимлари участка нозирига айланмоқда” сарлавҳаси билан тарқатилган маълумотлар Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси ҳамда Кадрлар бош бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди ва қайд этилган ушбу маълумотлар ўз тасдиғини топмади.

Жумладан, мақолада “Ўзбекистон Президентининг жорий йил 10 январь куни берган оғзаки тавсияси асосида Ички ишлар вазирлиги ходимларининг 86 фоизини қуйи бўғинга тушириш ишлари бошланди”, – деб кўрсатилган. Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг 2019 йил 10 январь куни ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан Ички ишлар вазирлиги ходимларини 86 фоизини қуйи бўғинга тушириш тўғрисида биронбир топшириқ ёки тавсия берилмаган.

Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5005-сонли Фармонида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларини ислоҳ қилиш кўрсатилиб, унинг асосий йўналишларидан бири сифатида замонавий хавф-хатар ва таҳдидларни, бажарилаётган ишлар муҳимлиги ва кўламини эътиборга олган ҳолда ички ишлар органлари барча даражадаги бўлинмаларининг вазифа ва функцияларини аниқ белгилаш ҳамда тақсимлаш, ташкилий-штат тузилмасини мақбуллаштириш, куч ва воситалардан оқилона фойдаланиш белгиланганлигини таъкидлаб ўтиш жоиз. Мазкур Фармонда белгиланган чора-тадбирлар ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелда “Ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2896-сонли Қарори қабул қилиниб, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларининг республика, ўрта ва қуйи поғоналари фаолиятини сифат жиҳатдан янги тартибини ўрнатиш борасидаги ишлар бўйича муайян ишлар амалга оширилган ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларнинг республика ва ўрта поғона штат бирликлари тегишлича қисқартирилиб, қуйи бўғинга тушириш ишлари 2017 йилда ўз якунига етказилган.

Шунингдек, мақолада,“Озодлик билан 6 март куни суҳбатлашган ва исми эфирда эълон қилинмаслигини сўраган ИИБ полковнигининг айтишича, у ҳозирда Тошкент туманларидан биридаги оддий инспектор лавозимига туширилган”,- деб ёзилган. Бунга, ҳозирги кунда ички ишлар органлар таянч пунктлари профилактика (катта) инспектори лавозимида хизмат олиб бораётган ходимлар орасида “полковник” унвонли ходим мавжуд эмаслигини билдирамиз.

Мақоланинг кўп жойида Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати мулозими билан суҳбатлашилгани айтилган. Бироқ мақолада қайд этилган маълумотларни Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг ҳеч бир ходими бермаган.

Мақолада ПҚ-4075-сонли қарор асосида “тепада акахони бўлмаган зобитлар вазирликдаги ишидан олиниб, оддий участка нозири вазифасига тайинлангани шахсий таркиб ўртасида салбий кайфият туғдирган:

– Мен вазирлик бошқармасида терговчи ўлароқ самарали ишлаб жиноят қидирув иши билан банд эдим. Ортимда ҳеч кимим бўлмаганлиги боис айнан мени, яъни олий маълумотли юрист ва офицерни Тошкентдаги туманга участка нозири қилиб юборишди. Майли,бориб ўша туман криминал аҳволини ўзгартирай, жиноятчиликни камайтирай, десам мени ўз касбим билан боғлиқ бўлмаган ишлар билан кўмиб ташлашди, дейди оддий участка нозир бўлиб ишлаётган милиция полковниги”, – деб кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 декабрдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самардорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4075-сонли Қарорининг 7-банди асосида профилактика (катта) инспекторлари лавозимлари, қоида тариқасида, юриспруденция соҳасида билим ва касбий малакага эга шахслар орасидан жамланиши тартиби жорий этилди. Бироқ, мазкур қарор чиққанидан сўнг ҳозирги кунга қадар Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов Департаменти, Жиноят қидирув бош бошқармаси, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси ёки бошқа соҳавий хизматларда ишлаб келган олий маълумотли юрист ходимлардан бирон ким қуйи тизимга, шу жумладан Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятининг туманларидан бирига профилактика инспектори лавозимига тайинланмаган.

Шу билан бир қаторда, 2019 йил 7 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир кўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4166-сонли Қарори тасдиқланиб, мазкур қарорда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш сохасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш самарадорлигини ошириш мақсадида Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали ташкил этилди.Мақолада “суҳбатдош ўз гапи исботи сифатида 2018 йилнинг февраль ойи мобайнида профилактика катта инспектори зиммасига юклатилган “вазифалар рўйхатини” озодликка тақдим қилди.Рўйхатда бир участка нозири февраль ойида жарима ундириш юзасидан 20 та баённома тузиши ва жарималарни ундириб бериши кўрсатилган.Ҳужжатга кўра, профилактика инспекторлари қарз ундириш бўйича қилган ишларини кундалик иш дафтарига қайд қилиб қўйиши керак.ИИВ полковнигининг айтишича, қарз ундириш суд ижрочиси ёки МИБ (Мажбурий ижро бюроси) вазифасига киради:

– Нега бошқа идора қилиши керак бўлган вазифани участка инспектори бажариши лозим. Бизнинг вазифамиз қарз ундириш эмас, балки жиноятчиликка қарши курашку, дейди суҳбатдош”, – деб кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги “Ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2896-сонли Қарори 2-иловаси билан тасдиқланган “Ички ишлар органлари таянч пунктлари тўғрисида Низом”да профилактика инспекторларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги белгиланган бўлиб, профилактика инспекторлари маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ ўзларига тааллуқли бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.

Бироқ, ушбу Низомда ёки бошқа норматив-ҳужжатларда профилактика инспекторларига ҳар ойда маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича 20 та баённома тузиш мажбурияти юклатилмаган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 332-моддасига кўра, жарима ҳуқуқбузар томонидан унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб ўн беш кундан кечиктирмай, бундай қарор хусусида шикоят берилган ёки протест билдирилган тақдирда – шикоят ёки протест қаноатлантирилмаганлиги тўғрисида хабар берилган кундан бошлаб ўн беш кундан кечиктирмай тўланиши лозимлиги кўрсатилган.

Шу кодекснинг 333-моддасида, ҳуқуқбузар жаримани ушбу Кодекснинг 332-моддасида белгиланган муддат ичида тўламаган тақдирда, жарима солиш тўғрисидаги қарор суд ҳужжатлари бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган қоидаларга мувофиқ жаримани унинг иш ҳақи ёки бошқа маошидан, нафақасидан ёки степендиясидан мажбурий тартибда ундириб олиш учун юборилиши, башарти жарима солинган шахс ишламаётган бўлса ёхуд жаримани ҳуқуқбузарнинг иш ҳақи ёки бошқа даромадидан, пенсияси ёки степендиясидан бошқа сабабларга кўра ундириб олишнинг иложи бўлмаса, уни ундириб олиш давлат ижрочиси томонидан жарима солиш тўғрисида тегишли орган (мансабдор шахс) чиқарган қарор асосида ҳуқуқбузарнинг мулкидан, шунингдек умумий мулкидаги унинг ҳиссасидан ундириб олиш йўли билан амалга оширилиши белгиланган.

Шу билан бирга, ИИВнинг буйруғи билан тасдиқланган “Ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом”да маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишда ишни қонун ҳужжатларга мувофиқ ҳолда ҳал этиш, чиқарилган қарорнинг ижросини таъминлаш, ҳуқуқбузар жаримани белгиланган муддатда тўламаган тақдирда, маъмурий баённома кузатув хати билан жаримани мажбурий тарзда ундириш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси туман (шаҳар) бўлимларига юборилиши кўрсатилган.

Қайд этилган норматив ҳужжатларда белгиланган қоидаларга мувофиқ, ваколат доирасида бевосита кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар юзасидан расмийлаштирилган маъмурий баённомалар бўйича ҳуқуқбузар томонидан ўн беш кун муддатда жаримани тўланмаган тақдирда профилактика инспекторлари жаримани мажбурий тарзда ундириш учун баённомани туман (шаҳар) мажбурий ижро бюросига юборади.

Мақолада “суҳбатдош шу кунда банд бўлган ишларни санар экан, буларнинг бирортаси жиноят қидирув ёки профилактика билан боғлиқ эмаслигига эътибор қаратди:

– Ҳозир перепись население (аҳолини санаш) жараёни кетяпти. Шунга жалб қилинганмиз. Низолашган эр-хотин, қайнона-келинни яраштириш, дарахт экиш, дарахт оқлаш билан бандмиз. Бундан ташқари, “Маҳалла” жамғармаси, Ҳотин-қизлар қўмитаси мажлисига бориб ўтириб келамиз, дейди полковник рутбасидаги ИИО ФМБ ҲПБТП катта нозири”, – деб кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 октябрдаги “Сайлов жараёни замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3961-сонли Қарорида белгиланган тадбирлар ижроси бўйича ИИВга – фуқароларни уйма-уй юриб ўрганиш орқали уларнинг паспорт маълумотларини кўчмас мулк объектининг кадастр рақамига боғлаган ҳолда ИИВнинг ахборот базасидаги фуқароларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойлари манзиллари тўғрисидаги ахборотнинг тўлиқ долзарблаштирилиши вазифаси юклатилган.

Мазкур қарор ижроси юзасидан 2018 йил 6 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ҳамда Марказий сайлов комиссияси раиси томонидан “Йўл харитаси” тасдиқланган бўлиб, унга мувофиқ фуқароларни уйма-уй юриб ўрганиш орқали, уларнинг паспорт маълумотларини кўчмас мулк объектининг кадастр рақамига боғлаш ишларини ташкиллаштириш бўйича туман (шаҳар) ҳокимликларида ҳар бир секторда фуқароларни уйма-уй юриб ўрганувчи ишчи гуруҳлари таркиби тузилган.

Шунингдек, маҳаллаларда уйма-уй юриб ўрганиш ишларини ташкил этиш юзасидан тузилган гуруҳлар таркибига ҳар бир маҳалла бўйича ҳудудий профилактика инспекторлари киритилган.

Шунга кўра, профилактика инспекторлари хизмат ҳудудлари бўйича фуқароларни уйма-уй юриб ўрганиш ишларига жалб этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги “Ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2896-сонли Қарори 2-иловасига билан тасдиқланган “Ички ишлар органлари таянч пунктлари тўғрисида Низом”да профилактика инспекторлари оилавий-маиший низолар масалаларини ҳал этишда фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорлик қилиши белгиланган.Шу сабабли профилактика инспекторлари оилавий-маиший низолар масалаларини ҳал этишда фуқаролар йиғинлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

Мақолада “Машина берилмади. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг 2019 йил 10 январдаги кенгайтирилган йиғилиш баёнига мувофиқ, участка нозирларига автомашина берилиши керак эди. ИИВ полковнигининг айтишича, амалда бу автомашинани бозордан сотиб олган осонроқ бўлмоқда:

– Ҳеч қанақа автомобиль берилгани йўқ. Кредитга олишингиз мумкин дейишди. Уям имтиёзли кредит эмас. Эл қатори олинадиган кредит дейди, суҳбатдош”, – деб кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг 2019 йил 10 январь куни ўтказилган кенгайтирилган йиғилиши баёнида, профилактика инспекторларига автомашина бериши тўғрисида бирон бир ҳолатлар қайд этилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 3 августдаги “Ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторлари моддий жиҳатдан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 577-сонли Қарорига мувофиқ, профилактика инспекторларига имтиёзли кредит асосида 10 йил муддатга автомашиналар берилиши назарда тутилган.

Шунга кўра, бугунги кунда 7 мингдан ортиқ (7024 нафар) профилактика инспекторлари имтиёзли кредит асосида автомашиналар билан таъминланган. Имтиёзли кредит олиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Изоҳ билдириш