5137

Тошкентда «OGU – Ўзбекистон нефть ва гази» халқаро кўргазмаси ўтказилади

Ўзбекистон 27 апрель 15:04 272

17-19 май кунлари Тошкентда «OGU — Ўзбекистон нефть ва гази» 21-халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси матбуот хизмати маълум қилди.

Кўргазма доирасида 18-19 май кунлари нефть ва газ бўйича халқаро конференция ўтказилади. Айни пайтга келиб Озарбайжон, Австрия, Сингапур, Россия, Жанубий Корея, Буюк Британия, Туркия, Италия, Чехия, Германия, Швейцария, Индонезия, Қозоғистон, АҚШ ва Даниянинг халқаро компаниялари OGU 2017 халқаро кўргазмаси ва анжуманида иштирок этишини тасдиқлади.

OGU кўргазмаси Ўзбекистон нефть-газ соҳасидаги муҳим аҳамиятга эга воқеа бўлиб, халқаро нефть ва газ компаниялари учун сўнгги ютуқ ва ишланмаларини намойиш этиш майдони ҳамда етказиб берувчи ва ишлаб чиқарувчиларнинг учрашув жойи ҳисобланади.

Ушбу тадбир ҳар йили Ўзбекистондаги йирик нефть-газ ва энергетика лойиҳаларини муҳокама қилиш учун маҳаллий ва халқаро иштирокчиларни жамлайди.

Маълумот учун, Ўзбекистон табиий газ қазиб олиш бўйича МДҲда 3- ва жаҳонда 8-ўринда туради. Республиканинг нефть-газ мавжуд беш ҳудудида 250та углеводород хомашёси конлари очилган. 2030 йилга қадар мамлакатда нефть захирасини 132,4 млн тоннага етказиш кутилмоқда.

«Ўзбекнефтегаз» МХК 2015-2019 йилларда 54та инвестицион лойиҳани амалга ошириши кўзда тутилган. Республикада хорижий инвесторларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Изоҳ билдириш