51191

Самвел Бабаян: «ЎФА дисквалификацияни 2018 йил 1 февралда бекор қилган»

Ўзбекистон 27 февраль 10:46 158

26 февраль куни ўзбек футболидан умрбод четлатилган Самвел Бабаян Тошкентнинг «Локомотив» клуби президентига маслаҳатчи бўлганлиги ҳақида хабар берилганди. CА нашри эса Бабаяндан кичик интервью олишга муваффақ бўлди.

Қуйида суҳбат тўлиқлигича тақдим этилади:​

— Сиз ЎФА томонидан дисквалификация қилинган эдингиз…

— 2018 йил 1 февраль куни ЎФА Ижроия қўмитаси томонидан дисквалификация олиб ташланган. Шу боис бугунги кунда ўз фаолиятимни давом эттира оламан.

— Ўзбекистонга қайтдингиз…

— Ҳа, «Локомотив» клубидан таклиф тушгани учун Ўзбекистонга қайтишга ва мамлакат футболи ривожи учун ишлашга қарор қилдим.

— Қандай сабаб билан «Локомотив» таклифини қабул қилдингиз?

— Бунинг сабаби «Локомотив» инфратузилма борасида янги даражага чиқмоқчи. Бунга қадар академия, футбол мактаби йўқ эди. Клуб бир неча бор чемпионликка эришди. Энди эса «Локомотив» «янги Жепаров», «янги Аҳмедов»ларни тарбияламоқчи. Мен бир неча йил давомида «Пахтакор»да ишлаганим бунда қўл келиши мумкин. Ўз тажрибам билан «Локомотив»га ёрдам беришни истайман.

Маълумот учун, Самвел Бабаян ЎФФ (ҳозир ЎФА) Ижроия Қўмитаси Бюросининг 2018 йил 15 январдаги 3-сонли қарорига мувофиқ футболга алоқадор ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан умрбод четлаштирилган эди. Кейинроқ мутахассис Латвияда иш бошлагач, ташкилот бу қарорнинг фақат Ўзбекистонда амал қилишини маълум қилганди.​

Изоҳ билдириш