51122

Ўзбекистондаги барча йўл белгилари замонавийларига алмаштирилади

Ўзбекистон 20 февраль 16:23 612

20 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги пресс-холлида «Ўзбекистонда автомобиль йўллари қурилиши: ютуқ ва муаммолар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақида «Дарё» мухбири Севара Нишонова хабар берди.

Тадбирда Ўзбекистон автомобиль йўллари давлат қўмитаси раҳбар ходимлари ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб берди. Хусусан, қўмита раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Назаровнинг маълум қилишича, Ўзбекистондаги йўлларга 2023 йилгача янги ва замонавий йўл белгилари ўрнатилади.

Ўзбекистон автомобиль йўллари қўмитаси тизимида «Автойўлбелги» унитар корхонаси ташкил этилган. Мазкур унитар корхонанинг асосий вазифаси мамлакатдаги йўл белгиларини сифат даражасидан янги поғонага олиб чиқиш ҳисобланади. Корхонага зарур бўлган асбоб-ускуналар, жиҳозларни харид қилиб, ўрнатдик. Ишлаб чиқариш жараёни бошланди. Бугунги кунда корхона томонидан замонавий нур қайтариш хусусиятига эга бўлган плёнкалардан фойдаланган ҳолда зангламайдиган металлдан йўл белгилари ва йўл кўрсаткичларини ишлаб чиқариш ва ўрнатиш йўлга қўйилган.

Биз 2018 йилдан бери замонавий йўл белгиларини ўрнатишни бошладик. Ўзи 2021 йилгача йўл белгиларини тўлиқ янгилаш режалаштирилаётган эди.

Энди эса бу муддат 2023 йилгача узайтирилди. Нима учун 2023 йилгача, деган саволга жавоб бераман: Биз кўчалардаги мавжуд йўл белгиларини инвентаризация қилиб чиқдик. Кейинги йилларда қурилган ички йўллар, янги уйлар орасидаги йўлларда йўл белгилари умуман мавжуд эмас. Шунинг учун биз қайта инвентаризация қилиб чиққанимиздан сўнг бу ерда биз 170 мингтага яқин йўл белгилари ўрнатилиши кераклигини аниқладик. Шунинг учун, биз мазкур йўлларда мавжуд бўлмаган йўл белгилари учун ҳам яна икки йил қўшдик.

Биз ички йўллар ва магистрал йўллардаги йўл белгиларини алоҳида инвентаризация қилиб, уларга қанча маблағ сарфланишини молия вазирлиги билан маслаҳатлашганмиз. Шундай қилиб, 2023 йилгача Ўзбекистондаги барча йўл белгилари замонавийларига алмаштирилади.

Асосий ўрнатиладиган йўл белгилари 2019 йилга тўғри келади. Жорий йилда биз кўчаларга 81 862 та янги йўл белгиларини ўрнатамиз. 56 411 та йўл белгиси магистрал йўлларга, 25 451 донаси эса ички хўжалик йўлларига ўрнатилади. Йўл белгиларининг энг асосий миқдори 2019—2020 йилларда ўрнатилади, қолган йилларда бу кўрсаткич кескин пасайиб боради. Шунингдек, йўл белгиларини хизмат кўрсатиш муддатини узайтирганмиз. Ҳоизрда ишлаб чиқарилаётган йўл белгилари энг камида 8—10 йил хизмат кўрсатади. Бундан ташқари, 10 йилдан 15 йилгача хизмат кўрсатадиган йўл белгиларини ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган.

Ётиқ йўл белгилари — йўл чизиқларни чизиш масаласига ҳам алоҳида эътибор бермоқдамиз. Жорий йилда 20 000 километрдан узунроқ йўлларга йўл чизиқларини чизиш, бевосита шаҳар ичидаги 13 000 километрдан узунроқ йўлларга ҳам шундай чизиқларни чизишни режалаштирмоқдамиз.

Шуҳрат Назаров, Ўзбекистон автомобиль йўллари давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари

Изоҳ билдириш