Бундан 17 йил аввал NASA олимлари коинот жисмларини кузатишлари давомида ердан узоқ бўлмаган масофада йирик, вазни бир неча минг тонналик астероидни аниқлаган. Ўшанда астероид ер сайёраси билан тўқнашиш эҳтимоли борлиги тахмин қилиниб, турли хил миш-мишлар тарқалишига сабаб бўлган.

Ўзи нима гап?

2002 йилда олимлар 2002 NТ7 астероиди аниқлаб, унинг ер билан тўқнашуви 2019 йилнинг 1 февралига тўғри келишини тахмин қилган. Бу маълумот ижтимоий тармоқларда тарқаб, охирзамон ҳақидаги турли хил миш-мишлар пайдо бўлишига сабаб бўлган. Якуний ҳисоб-китобларда астероиднинг ер билан тўқнашувининг эҳтимолий санаси 2060 йилга тўғри келиши аниқланган.

2002 NТ7 астероиди. Фото: u-f.ru

Олимлар 2002 NТ7 астероиди Ер сайёраси билан тўқнашгудек бўлса, кучли портлаш оқибатида ер юзида бирор-бир тирик жонзот қолмаслиги, баъзи қитъалар йўқ бўлиб кетиши, магнит майдонлар алмашиб, иқлим кескин ўзгариши, табиий офатлар бошланиши мумкинлигини башорат қилган.

Илм-фан бу ҳақда нима дейди?

Астрономлар турли астероидларнинг ерга келиб «урилиши»дан доим хавотирда бўлган.

Бугунги кунда деярли барча осмон жисмлар ҳаракатини назорат остида, ер сайёраси билан эҳтимолий тўқнашувлар эса доим таҳлил қилиб борилади. Бундан ташқари эҳтимолий тўқнашувларда одамзотни қутқариш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилгани ҳам маълум.

Ислом динида бу ҳақда нима дейилади?

Қиёмат қачон бўлишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Қиёмат қачон бўлишини сўраганларга Пайғамбаримиз қандай жавоб беришлари керак эканлигини Аллоҳ таолонинг ўзи очиқ-ойдин ояти каримада ўргатган. Жумладан, Аллоҳ таоло ‘Аҳзоб’ сурасида шундай деган: Одамлар Сиздан қиёмат (қачон бўлиши) ҳақида сўрайдилар. У ҳақдаги маълумот фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир – деб айтинг! (Аҳзоб сураси, 63-оят).

Қиёмат қачондир бўлишига иймон келтирганмиз, лекин айнан қайси кунда бўлиши ҳақидаги маълумотни Аллоҳ таоло сир тутиб, уни бирор бир манбада келтирмаган. Ҳатто ўз пайғамбарлари ва фаришталаридан ҳам яширган.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиздан ‘Менга соат (қиёмат) ҳақида хабар беринг!’ деб сўраганларида Пайғамбаримиз ‘У ҳақда сўралаётган одам сўровчидан кўра билимли эмас’, деб жавоб бердилар (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифдан сўралувчи шахс Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, сўровчи Жаброил алайҳиссалом ҳам қиёмат қачон бўлишини билмаганлари кўриниб турибди.

Демак, Пайғамбаримиз ва Жаброил алайҳиссаломлар билмаган нарсани ким мен биланман деб, ‘фалон куни қиёмат бўлади’, деса, ёки шунга ишонса иймонига путур етади. Бир қанча оят ва ҳадисларга қарши чиққан бўлади.

Усмонхон Алимов, муфтий. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбари

Ер сайёраси учун хавфли бўлган астероидлар қайси?

Таъкидланишича, ерга 8 миллион километргача яқинлашган ҳар қандай осмон жисми Ер сайёраси учун хавф туғдириши мумкин. Қуйида энг хавфли ҳисобланган астероидлар рўйхати:

2001 WН5 астероиди. Фото: YouTube

2001 WН5 астероиди 20 ноябрь 2001 йилда аниқланган. Жисмнинг диаметри – 1,5 километрни ташкил қилади. Ерга 250 минг километр яқинликка 26 июнь 2028 йилда яқинлашади.

Эрос. Фото: YouTube

Эрос астероди. Мазкур осмон жисми 1898 йилда «кашф» қилингин. Эрос – қуёш тизимидаги энг йирик астероид ҳисобланади. Унинг ҳажми 33х13 километрни ташкил қилади. Олимлар 2001 йилда NEAR Shoemaker космик аппаратини астероидни ўрганиш учун учирган.

Duende (2012 DA14) астероиди. Фото: Cибериа

Duende (2012 DA14) астероиди 23 февраль 2012 йилда аниқланган. Жисм массаси 40 минг тоннага тенг бўлиб, қуёш атрофида айланиши ер сайёрасиники билан бир хил вақтда амалга оширади. Баъзи бир тахминларга кўра, жисмнинг бундай ҳаракати кейинчалик коинот масштабида муаммо келтириб чиқариши мумкин. Олимлар жисм ерликларга 2170 йилгача хавф туғдирмаслигини маълум қилган.

Фото: Wikimedia Commons

2005 YU55 астероиди 28 декабрь 2005 йилда аниқланган. Унинг диаметри 400 метрни ташкил қилади. Эллептик орбита орқали ҳаракатланади. Бу эса ҳаракатнинг ўзгарувчанлигидан ҳам далолат беради. Айни пайтда мазкур астероид ердан 325 минг километр узоқликда парвоз қилмоқда. 2011 йилда олимлар мазкур осмон жисми ер орбитасига кириши мумкинлигидан хавотирда бўлган, бироқ уларнинг тахмини хато бўлган. Мазкур объект билан боғлиқ муаммолардан бири, у коинотда кузатиш қийин бўлган жисм ҳисобланади.

Апофис астероиди. Фото: Ab-news.ru

Апофис астероиди 2004 йилда «топилган». Унинг диаметри 300 метрни ташкил қилади. Объектнинг умумий оғирлиги – 27 миллион тоннани ташкил қилади. Астероид ер билан тўқнашса, портлаш кучи тротил эквивалентида 1717 мегатонн кучни ташкил қилиши мумкин. Бу эса бир неча юз километр масофада барча тирик жонзотларни қирилиб кетишига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари 6 баллдан юқори бўлган зилзила ҳамда секундига 800 метргача тезликда шамол кузатилиши мумкин.

2013 TV135 астероиди. Фото: YouTube

2013 TV135 астероиди. 16 сентябрь 2013 йилда аниқланган. Диаметри 400 метр. Ҳисоб-китобларга кўра, ерга 26 август 2032 йилда 4000 километр масофага яқинлашади. Астероиднинг учиш тезлиги секундига 15 километрни ташкил қилади. Эҳтимолий тўқнушув оқибатидаги портлаш кучи тротил эквивалентида 2500 мегатоннани ташкил қилиши мумкин.

Масалан, АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари томонидан Япониянинг Хиросима шаҳрига ташланган атом бомбасининг портлаш кучи тротил эквивалентида 13 дан 18 килотоннгача бўлиб, оқибатда 60 мингдан 80 минггача одам ҳалок бўлган. Нагасаки шаҳрига ташланган бомбанинг кучи эса тротил эквивалентида 21 килотоннани ташкил қилиб, 90 мигдан до 166 минггача одам қурбон бўлган.