50774

Фарғонада 3,5 миллион долларни олиб чиқиб кетишга уринган шахслар ушланди

Ўзбекистон 28 январь 9:49 484

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Фарғона вилояти ҳудудидан 3,5 млн долларни Қирғизистонга олиб чиқиб кетишга уринган бир неча кишилар ушлади, деб хабар қилмоқда “Ўзбекистон 24” телеканали.

Хабарда айтилишига кўра, ўтказилган тезкор тадбир доирасида “Фарғона—Юқори Водил” йўналиши бўйича ҳаракатланаётган Nexia автомобили ичида ва Водил қишлоғида яшовчи А.Д.нинг хонадонидан топилган маблағларнинг жами 1,763 миллион долларни ташкил этган.

Шунингдек, Қирғизистонда туғилиб ўсган 56 ёшли А.Ё.нинг автомашинаси ҳам кўздан кечирилганда, 35 дона ўрамда жами 1 771 650 АҚШ доллари топилган. Аниқланишича, ушбу маблағлар Тошкентдан Қирғизистонга ўтказиб бериши керак бўлган.

Тезкор тадбир доирасида қонунбузарлардан жами 3 534 650 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган. Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Пулларнинг ҳақиқий эгаларини аниқлаш бўйича ҳам зарур чоралар кўрилмоқда, дейилган хабарда.

Изоҳ билдириш