50105

«Президентни алдаш давом этмоқда» шу ростми? Ҳокимлик аниқлик киритди

Ўзбекистон 19 декабрь 13:26 1 769

Кеча, 18 декабр куни qalampir.uz сайтида «Президентни алдаш давом этмоқда: Қашқадарёдаги боғ очилишга тайёр бўлмаган» номли мақола эълон қилинган эди. Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ушбу мақола юзасидан раддия берди.

Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев 14 декабрь куни Қарши шаҳрига ташрифи чоғида боғда амалга оширилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишлари билан танишар экан, уни янада замонавийлаштириш, мавжуд имкониятлардан, инновацион ғоялардан унумли фойдаланиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берган. Айни пайтда боғда 18 миллиард сўмлик ишлар бажарилган. “Ватанпарварлар” боғи фойдалишга топширилгани йўқ, боғда қурилиш-ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.

Мазкур боғ билан боғлиқ батафсил маълумотлар ЎзАнинг “Президентимиз Қарши шаҳридаги “Ватанпарварлар” боғи қурилиши билан танишди” деб номланган мақоласида эълон қилинган, “Ўзбекистон 24” каналида бир неча бор кўрсатилган.

Таъкидланишича, мақола муаллифи ҳали фойдаланишга топширилмаган боғни, қолаверса, ҳаққоний ҳолатни билмасдан нохолис маълумот берган.

Вилоят ҳокимлиги маҳаллий нашрларни матбуот хизмати билан ҳамкорлик қилишга чақиради, ахборотларни тарқатишда ҳаққонийлик, холислик қоидаларига риоя этилишини тавсия этади, дейилади раддия хатида.

Ҳокимлик матбуот хизматининг хабар қилишича, «Қалампир» нашри ҳокимликнинг ушбу мақолани олиб ташлаш ёки раддияни эълон қилиш талабларини қондирмаган. Шу сабабли мақола муаллифи ва qalampir.uz сайтига қонуний чора кўриш учун ИИБ ушбу ҳолатни ўрганиб чиқмоқда.

Изоҳ билдириш