49593

Авиация соҳаси тубдан такомиллаштирилади

Ўзбекистон 29 ноябрь 13:54 291

Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди

Фармон билан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясини қайта ташкил этиш белгиланди.

Бу “Uzbekistan Airways”, “Uzbekistan Airports” АЖлар ҳамда “Uzbekistan Helicopters” МЧЖ ташкил этиш, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг давлат унитар корхоналарини (шу жумладан, вилоятлардаги аэропортларни) масъулияти чекланган жамиятларга айлантириш, “Ўзаэронавигация” маркази” давлат корхонасини Ҳукумат ихтиёрига ўтказиш орқали амалга оширилади.

Фармон билан янги ташкил этилаётган барча субъектларнинг асосий вазифалари белгилаб берилди.

“Uzbekistan Airways” АЖга активларнинг авиакомпания рентабеллигини таъминловчи мақбул тузилмасини ҳисобга олган ҳолда ўз фаолиятининг барқарор бизнес-модели ишлаб чиқилишини таъминлаш вазифаси юкланди.

Ҳукуматга фуқаро авиациясини ривожлантириш сиёсатини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш вазифаси топширилди. Бу ўз ичига маҳаллий ва хорижий ташувчиларнинг миллий ҳаво қатновлари бозорига кириш қоидаларини ҳамда фуқаро авиацияси соҳасида истеъмолчилар ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш чора-тадбирларини қамраб олади.

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси 2019 йил 1 апрелгача давлат-хусусий шериклик шартлари асосида лойиҳалар амалга ошириладиган аэропорт ёки аэропортлар гуруҳини аниқлаб 2020 йил 1 январгача танланган аэропорт ёки аэропортлар гуруҳида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида лойиҳаларни амалга ошириш учун танловлар ўтказилишини таъминлайди.

Шунингдек Фармон билан ҳаво кемалари эксплуатантларига бир марталик парвозларни амалга ошириш, парвозлар хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган фаолиятни амалга ошириш учун рухсатномалар бериш ваколатлари тўлиқ Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциясига берилди. Илгари ушбу рухсатномалар “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК томонидан инспекция билан келишган ҳолда берилган.

“Махсус авиация ишлари авиакомпанияси” ДУК томонидан фойдаланилаётган АН-2 ҳаво кемалари Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига ўтказилди.

2019 йил 1 январдан Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекциясини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.

Бундан ташқари Фармонга кўра сиртқи таълим олган фуқаро авиацияси мутахассисларининг маълумоти тўғрисидаги ҳужжатларни нострификация қилишга рухсат беришни назарда тутувчи ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Ўзбекистоннинг резидент авиакомпанияларига Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси тизими (IATA Clearing House) орқали ҳисоб-китобларни амалга оширишга, “Ўзаэронавигация” давлат корхонасига Европа аэронавигация хавфсизлигини таъминлаш ташкилоти (EUROCONTROL) орқали хорижий авиакомпанияларнинг Ўзбекистон самовий ҳудудидан транзит фойдаланишда кўрсатилган аэронавигация хизматлари учун ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишга рухсат берилди.

Изоҳ билдириш