49295

ИИББ: Видеодаги барча жараён — саҳна кўриниши

Ўзбекистон 20 ноябрь 13:26 873

Ижтимоий тармоқларда номаълум шахслар прегабалин ва трамадол сотувчиларни ечинтириб, кечирим сўрашга мажбур қилгани акс этган ролик тарқалган эди. Кадр ортидаги овозга кўра, самосудни уюштирган йигитлар икки эркакни жамиятга қарши жиноятда айблаган. Жараён бошдан-оёқ видеога олинган, ечинтирилган эркакларнинг бўйнида эса кечирим сўралган ёрлиқлар осилган. Аммо Тошкент шаҳар ИИББ хабарига кўра, видеодаги барча жараён — саҳна кўриниши.

ИИББ ушбу видео юзасидан текширув бошлаган ва унга алоқадор йигитлардан бирини топган. Видеоёзув 2018 йил февраль ойида олинган, бу саҳна кўринишини тайёрлашдан мақсад — ўсмирлар ва ёшлар орасида «Трамадол» ва «Лирика» дори воситаларини тарқатиш билан шуғулланаётган шахсларни қўрқитиб қўйишдан иборат бўлган.

ИИББ бу ҳолат бўйича текширувни давом эттирмоқда. Агар сизда бу видеога алоқадорлар ҳақида бирор маълумот бўлса, Тошкент милициясининг (71) 281-90-91 ва (71) 281-90-92 телефон рақамларига қўнғироқ қилинг. «Шахсингиз сир сақланиши кафолатланади», — дейилади хабарда. Шунингдек, «ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик ҳолатларига дуч келсангиз, бу каби Ўрта асрларга хос «суд саҳналари»ни уюштирманг, ё милицияга, ё бошқа ҳуқуқ-тартибот органларига хабар беринг», — деб қўшиб қўйилган.

Изоҳ билдириш