48839

Ислом Каримов танқид қилган Рустам Холматов яна ҳокимликка қайтди

Ўзбекистон 2 ноябрь 17:22 3 734

Рустам Қурбонназарович Холматов Тошкент вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда «Kun.uz» манбаси хабар бермоқда.

У Оққўрғон ва Бекободдаги воқеалар ортидан ишдан бўшаган вилоят ҳокими ўринбосари ўрнини эгаллади.

Рустам Холматов бунгача Жиззах вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди.

Рустам Холматов 1961 йилда Тошкент вилояти Оққўрғон туманида туғилган. У Тошкент халқ хўжалиги институтини (ҳозирги Тошкент иқтисодиёт университети) иқтисодчи мутахассислиги бўйича битирган.

У 1995 йилдан 2003 йилгача Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, кейинроқ Чиноз ва Қуйи Чирчиқ туманлари ҳокими бўлиб ишлаган. 2008 йилдан 2013 йилгача эса Тошкент вилояти ҳокими бўлган. 2013 йилнинг апрелида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов Рустам Холматовни ўз қўли остидагиларга зуғум ўтказишда ва коррупцион жиноятларда айблаб, ишдан олганди. У 2017 йилнинг апрелида Жиззах вилояти ҳокимига ўринбосар сифатида давлат ишига қайтганди.

Изоҳ билдириш