48140

Тошкент шаҳар ИИББ расмий раддия берди

Ўзбекистон 5 октябрь 15:46 1 676

Тошкент шаҳар ИИББ талончиликда гумон қилинган шахсларга куч ишлатилгани ҳақидаги хабарларни рад этди
Ижтимоий тармоқларда ва қатор электрон ОАВларда оғир жиноятларни содир этишда гумон қилинаётган Шоҳрух Жўраев ва Беҳзод Нуриддинов гўё ноқонуний ушлангани ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан уларга нисбатан куч ишлатилгани ҳақида маълумотлар тарқалди. Бу ҳақда ИИББ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мазкур маълумотлар ҳақиқий ҳолатга тўғри келмайди. Ш. Жўраев, Б. Нуриддинов ва яна 5 нафар шахс 11 августдан 24 сентябргача бўлган муддат оралиғида оғир жиноятлар содир этганликда гумон қилинмоқда.

Интернет тармоғида эълон қилинган фотода Шоҳрух Жўраев эмас, балки Беҳзод Нуриддинов тасвирланган. У ИИББ ходимларидан қочишга уринганида рўй берган ЙТҲ оқибатида тан жароҳатлари олган. Беҳзод автомобиль бошқарувини уддалай олмай, Олмазор тумани, Мойқўрғон кўчасидаги бетон тўсиққа бориб урилган ва унга тиббий ёрдам кўрсатилган.

Жиноий гуруҳнинг барча аъзоларига ЖКнинг 164-моддаси, 3-қисми («Талончилик») билан айблов эълон қилинган. Суд уларга нисбатан қамоққа олиш чорасини қўллади.

Изоҳ билдириш