48060

Нега сиртқи ва кечки таълим контрактлари бунча қиммат?

Ўзбекистон 3 октябрь 11:16 979

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев Telegram’даги каналида сиртқи ва кечки таълим контрактлари ҳақида ўз фикрлари билан бўлишди.

Контрактлар нархининг баландлиги ҳақида вазирликнинг берган расмий тушунтиришини ёдга оламиз. Унда айтилганидек, талабалар тўлайдиган контрактларнинг катта қисми, яъни 45—80 фоизи талабанинг ўзига стипендия тариқасида қайтарилади.

Масалан, — дейди вазирлик, — талаба ‘аълo’ баҳога ўзлаштирса жами 7,5 миллион сўм стипендия олади.

Нима учун сиртқи ва кечки таълимда ўқийдиган талабаларга стипендия тўланмайди-ю, лекин барибир контракт нархи кундузгиники билан бир хил?

2004 йил 10 март куни тасдиқланган Олий таълим муассасалари талабаларига стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномада стипендиялар фақат кундузги шаклда таҳсил олаётган талабаларга тўланиши белгиланган.

Сиртқи ва кечки таълимда ўқиётган талабаларга қоида бўйича стипедия тўланмаслиги ойдинлашди. Лекин контракт нархлари улар учун ҳам энг арзони 8 миллион 293 минг сўм, энг қиммати 11 миллион 58 минг сўм этиб белгиланган.

Нима учун кундузги шаклда таҳсил олаётганлар худди шунча тўлаб стипендия олади-ю, сиртқи ва кечки таълимдагилар олмайди?

Боз устига сиртқи таълимдагилар доим ҳам ўқишга келишмайди, яъни уларга камроқ харажат ҳам кетади. Аммо контракти отни калласидай.

Биз ушбу жумбоқли масалага Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан яна бир марта асослантирилган изоҳ кутиб қоламиз.

Хушнудбек Худойбердиев, Ҳуқуқшунос блогер

Изоҳ билдириш