47907

Боғча мудираси 200 минг сўм пора билан қўлга тушди

Ўзбекистон 25 сентябрь 15:23 653

Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Хоразм вилояти Гурлан туманида жойлашган боғча мудирасини пора олаётган вақтда қўлга туширди. Бу ҳақда департамент ахборот хизматига таянган холда Дарё хабар бермоқда.

«Хоразм вилоятининг Гурлан туманида жойлашган 24-сонли мактабгача таълим муассаси ошпази М.Х. иш юзасидан илтимос билан мудиранинг қабулига киради. Ошпаз аёл оилавий шароитига ёрдам бўлиши учун ўзи ишлаётган 0,75 штат бирлигидаги ишини 1 ставкага кўпайтириб беришни илтимос қилади. Мудира опа бу масала муаммосиз ҳал бўлиши учун озгина харажат кераклигини билдиради. Яъни мудира С.М. 200 минг сўм эвазига ошпаз М.Х.га иш битишини билдириб, таъмагирлик қилади.

Ўзининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини яхши билган фуқаро М.Х. мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Гурлан туман бўлимига ариза билан мурожаат қилади», — дейилади хабарда.

Ушбу аризага асосан Департаментнинг Гурлан туман бўлими томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбирда Гурлан туманидаги 24-сонли мактабгача таълим муассасаси мудираси таъмагирлик йўли билан 200 минг сўм пора пулларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Гурлан туман бўлими томонидан фуқаро С.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга тегишлилиги бўйича Гурлан туман прокуратурасига юборилди.

Изоҳ билдириш