47884

Маҳалла раиси жиноятга қўл урди

Ўзбекистон 25 сентябрь 10:14 706

Раис жиноят қилса…

Инсон умри давомида турли хил хатоларга йўл қўяди. Бу унинг табиатига бевосита хос бўлган тушунча. Энг муҳими, хатолардан тўғри хулоса чиқара билишдир. Аммо аввал ҳам жиноят содир этиб, бу қилмишидан тегишли хулоса қилмасдан, кимнингдир ҳалол луқмасига “қўл узатаётган”лар ҳам орамизда учраб турибди. Жамиятни такрор ва такрор емираётган одамга “букрини гўр тўғрилайди” дегинг келади.
Қаҳрамонимиз Малик Мансуров (мақолада шу ва бошқа исм-шарифлар ўзгартирилган) муқаддам судланганлигига қарамасдан, озодлик нашидасини суриш ўрнига, яна бир бор жиноятга қўл урди. У шаҳримиздаги маҳаллаларнинг бирида раис сифатида ишлаб, унга билдирилган ишонч ва мавқеини суистеъмол қилди. М.Мансуров ўзига аввалдан таниш бўлган Гулзода Асқарованинг ишончига кириб, уни алдаб, бир йил олдин вафот етган Васила Бакировага тегишли бўлган уй-жойни жами 1.500 АҚШ доллари эвазига сотишини айтади. Г.Асқаровадан 200 АҚШ доллари миқдорида пулларни олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади. Орадан кўп ўтмай, жабрланувчи уйни сотиб ололмаслигини айтиб, пулларини қайтариб беришини сўрайди. М.Мансуров эса турли баҳоналар билан пулни қайтариб бермайди. Паймонаси тўлган Г.Асқарова ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилади. “Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади” деганларидек, судланувчи пуллардан 100.000 сўм қисмини қайтараётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинади.
Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Суд жараёнида судланувчи ўз айбига иқрор бўлди.
Суд ҳукмига кўра, айбланувчи М.Мансуров 2 йилга муайян ҳуқуқлардан маҳрум қилинди.

Абдулла ТУРАПОВ,
Жиноят ишлари бўйича шаҳар судининг раиси.

Изоҳ билдириш