47389

ИИББ: «Тоштрансдиспетчерхизмат» ходимини ҳақорат қилган ҳайдовчи қўлга олинди

Ўзбекистон 12 сентябрь 11:09 734

Ижтимоий тармоқларда “Матиз” русумли автомобил ҳайдовчиси жамоат транспорти учун мўлжалланган жойни ўз автомашинаси билан тўсиб қўйганлиги акс этган видео тарқалди.

Шунингдек, ҳайдовчи “Тоштрансдиспетчерхизмат” УК вакилининг эътирозига эътибор бермай, қўпол тарзда аёл кишини ҳақорат қилиб, унинг қўлидан мобил телефонини тортиб олмоқчи бўлган.

Буни эплай олмагач, унга қўл кўтарган. Ушбу факт бўйича Тошкент шаҳар ИИББ томонидан чора кўрилди.

Ҳуқуқбузар Зангиота туманида яшовчи 26 ёшли Ҳикматулла М. исмли фуқаро эканлиги аниқланди.

Ҳайдовчи қўлга олиниб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1286 моддаси (“Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши”) ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномаси талони йўқлиги боис Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 135 моддаси (Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариш) асосида баённомалар тузилди.

Бундан ташқари, “Тоштрансдиспетчерхизмат” УК раҳбариятининг аризасига асосан Шайхонтохур тумани маъмурий ишлар бўйича суди томонидан Ҳикматулла М. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183 моддасида (Майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарлик амалга оширганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 5 сутка муддатига маъмурий қамоқ кўринишидаги жазо тайинланди.

Изоҳ билдириш