47205

Ўзбекистондаги 15 та туман адлия бўлими бошлиғи ишдан олинди

Ўзбекистон 10 сентябрь 9:30 591

Адлия вазирлигида 8 сентябрь куни туманлар ва шаҳарлар адлия бўлимлари фаолиятига бағишланган видеоселектор мажлиси ўтказилди, деб хабар қилмоқда Дарё.

Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган мажлисда вазирлик марказий аппаратининг таркибий бўлинма раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари раҳбарлари ва масъул ходимлари ҳамда туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимлари ходимлари иштирок этди.

Унда Адлия вазирлигининг туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимларининг шу кунгача бўлган фаолияти, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича кун тартибидан ўрин олган масалалар муҳокама этилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, давлат раҳбарининг фармони ва қарорига асосан жойларда 200 та туман (шаҳар) адлия бўлими ташкил этилди. Уларга 560 нафар ходим ишга қабул қилинди.

Ушбу адлия бўлимлари фуқароларга ҳуқуқларини тушунтириш билан чекланиб қолмай, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда кўмаклашмоқда. Аҳолининг вилоят марказига юзлаб чақирим йўл босиб овора бўлиб боришига чек қўйилди.

Фаолияти йўлга қўйилган туман (шаҳар) адлия бўлимлари учун алоҳида бинолар ажратилиб, талаб даражасида жиҳозланди. Замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан таъминланди. Яхши ишлаган, ҳар томонлама ўрнак бўлган туман адлия бўлимларига 70 та хизмат автомашинаси топширилди.

Мажлисда адлия бўлимлари ташкил этилган вақтдан бошлаб шу кунга қадарамалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда улар фаолиятидаги мавжуд камчиликлар кўрсатиб ўтилиб, уларни бартараф этиш, келгусида йўл қўймаслик масаласи ҳам муҳокама этилди.

Йиғилишда Сурхондарё вилоятининг Денов, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Андижон вилоятининг Марҳамат, Тошкент шаҳрининг Бектемир туман адлия бўлимлари қисқа вақт ичида ижобий натижаларга эришгани қайд этилди.

Шу билан бирга, йиғилишда адлия бўлимлари томонидан фаолиятида қўпол хато ва камчиликларга йўл қўйиб келинганлиги жиддий танқид остига олинди. Ишига масъулиятсизлик билан ёндошган адлия бўлимларининг 28 нафар ходими (шундан 15 нафари туман адлия бўлимлари бошлиғи) лавозимидан озод этилди. Фаолиятида камчиликларга йўл қўйганлиги учун ҳудудий адлия бошқармаларининг 25 нафар ходимига ҳайфсан эълон қилинди, 29 нафари огоҳлантирилди.

Йиғилишда Адлия вазири Русланбек Давлетов ҳар бир адлия ходими «фуқаролар адлия идоралари фаолиятидан рози бўлиши керак» деган тамойилга қатъий амал қилиши, ҳудудий адлия органлари раҳбарлари «туман-шаҳар адлия бўлимлари бизнинг юзимиз» тамойилига риоя этиши, «Ҳар бир давлат хизматчиси ҳар куни ўзининг меҳнати билан эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини исботлаши шарт» деган қоидани рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратиши зарурлигини қайд этди.

Изоҳ билдириш