46993

Бош вазир: Ҳодимларни пахта теримига жалб этган раҳбарлар жазоланади

Ўзбекистон 6 сентябрь 9:46 672

Аввал хабар берилганидек,  5 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир А.Арипов раҳбарлигида 2018 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этишга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вазирлик ва идоралар раҳбарлари, тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Бу йил пахта йиғим-терими учун 26 мингдан зиёд терим отряди тузилиб, 2 миллиондан ортиқ теримчи жалб этилиши қайд этилди. Хоҳлаган одам ихтиёрий равишда меҳнат таътилига чиқиб, пахта йиғим-теримида иштирок этиши мумкин. Бунда у маълум терим отрядига бириктирилади, меҳнат шартномаси тузилади ҳамда тўлиқ меҳнат ҳақини олиш имкониятига эга бўлади.

Давлат эҳтиёжлари учун контрактация шартномаларида белгиланган миқдордан ортиқча топширган фермер хўжаликларига пахта хомашёси харид нархларига 15 фоиз миқдорида устама тўланади.

Қайд этилдики, 18 ёшга тўлмаган ёшлар, умумтаълим мактаблари ёки бошқа таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда ўқитувчилари, тиббиёт ходимларини пахта йиғим-теримига жалб этиш қатъиян тақиқланади. Шунингдек, аҳолини мажбуран пахта теримига олиб чиқишга йўл қўйилмайди. Бу ҳол кузатилган тақдирда тегишли жазо чоралари қўлланилади. Теримчиларни тушлик, ичимлик суви билан таъминлаш, пахта майдонига олиб бориш ва олиб келиш фермер хўжалиги томонидан амалга оширилади.

Пахта йиғим-терими мавсумида Вазирлар Маҳкамасидан вакиллар бириктирилиб, маълум ҳудудларга юборилади. Ушбу вакил у ердаги меҳнат шароитларини назорат қилади, методик тушунча ва маслаҳатлар беради, қўйилган вазифаларнинг вақтида ва шаффоф бажарилишини ўрганади. Прокуратурадан бириктирилган ходимлар мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, фермер ва теримчиларнинг манфаатини ҳимоя қилиш бўйича ишларни амалга оширади.

Бош вазир ушбу ишларни тизимли ва уюшқоқлик билан амалга ошириш, одамларнинг онги ва ёндашувини ўзгартириш, тартиб бузилиши ҳолатларида зудлик билан ахборот беришда оммавий ахборот воситалари ҳақиқий ёрдамчи бўлиши зарурлигини таъкидлади.

 

Изоҳ билдириш