4693

ОТБ Ўзбекистон темир йўлларига доир лойиҳага 80 млн доллар ажратади

Иқтисод 24 апрель 14:29 320

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистондаги темир йўлларнинг 145 километрини электрлаштириш лойиҳасига 80 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратишни тасдиқлади. Лойиҳага кўра, Поп, Наманган ва Андижонни боғловчи темир йўл электрлаштирилади. Электрлаштириладиган йўл Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги дастурининг 2-йўлаги ҳисобланади.

“Ўзбекистон каби денгизга бевосита чиқа олмайдиган мамлакатларда темир йўлларининг хавфсизлиги, ишончлилиги ва барқарорлиги мамлакат тараққиёти ва иқтисодий ўсишини таъминлашда муҳим омиллардан бири ҳисобланади”, – дейди ОТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Такео Кониши. – Ўзбекистонда транспорт соҳасининг яхшиланиши мамлакатнинг Марказий Осиёдаги савдо ва транспорт хаби сифатидаги стратегик жойлашувини мустаҳкамлайди”.

Лойиҳа Ўзбекистон аҳолисининг деярли 1/3 қисми истиқомат қиладиган Фарғона водийсида темир йўл орқали юк ва йўловчи ташишда самарали хизмат кўрсатишга бевосита таъсир кўрсатади ва водийдаги йирик шаҳарларни Тошкент билан боғлайди. Бундан ташқари, янги иш ўринлари барпо этилади. Экология ва темир йўллардаги хавфсизлик кўрсаткичлари ошади. Лойиҳа амалга оширилиши билан ҳаво чиқариладиган CO2 10 минг тоннага камаяди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 177,45 АҚШ долларига баҳоланган. «Ўзбекистон Темир Йўллари» АЖ ва ҳукумат 97,45 миллион доллар миқдорида сармоя киритади.

Изоҳ билдириш