46725

Шавкат Мирзиёев қиймати 286,7 миллион евролик завод қурилиши билан танишди

Ўзбекистон 29 август 16:39 1 410

Йирик саноат корхоналари мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Тошкент вилояти Зангиота туманида барпо этилаётган Тошкент металлургия заводи шулардан бири.

Президент Шавкат Мирзиёев 29 август куни ушбу корхона қурилиши билан танишди.

Лойиҳа қиймати 286,7 миллион евролик мазкур корхонага Италия, Германия, Австрия, Россия каби давлатларда ишлаб чиқарилган илғор ва замонавий ускуналар келтирилади. Бу ерда автомобиль кузовлари ва маиший техника учун металл листлар, металл черепицалар, профнастил ва бошқа маҳсулотлар тайёрланади. Тўлиқ қувватда туширилгач, корхонада йилига 500 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилади, 700 га яқин иш ўрни яратилади.

Президентимиз 2017 йил февраль ойида ушбу корхона қурилиши лойиҳаси билан танишиб, мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берган эди. Ўтган вақт мобайнида бу ерда кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Завод биноси конструкцияси қуриб битказилди.

Шавкат Мирзиёев қурилишнинг бориши билан танишди. Заводнинг мамлакатимиз иқтисодиётидаги ўрнига тўхталиб, бу ерда ишлайдиган мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.

Изоҳ билдириш