46528

Порахўр шифокор ИИВ ходимига ҳам пора бераётганда қўлга олинди

Ўзбекистон 27 август 8:43 897
A doctor with dollar bank notes and handcuffs

Коррупция – иқтисодиёт ва тараққиётнинг кушандаси эканлиги очиқ ҳақиқат. Бугунги кунда мамлакатимиз ички ишлар органлари ходимлари орасида коррупция, таъмагирлик каби жирканч иллатларни олдини олиш мақсадида олиб борилаётган профилактик чора-тадбирлар, тушунтириш ишлари ўз самарасини бермоқда. Бунга қуйидаги ҳолатда ўзингиз гувоҳи бўлишингиз мумкин.

Ҳазорасп тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли бўлимлардан бириди раҳбар бўлиб ишловчи, 1961 йилда туғилган, Х.Қ. ўзи бошқариб келаётган бўлимда ишлаб келаётган ҳамширадан келгусида ҳам шу бўлимда ўз фаолиятини давом эттиришни ҳоҳлайдиган бўлса, 50 АҚШ доллари беришини талаб қилади, акс ҳолда, иш жойидан ажралиб қолиши мумкинлиги тўғрисида “тушунтириб” қўяди.

Юртимиздаги ўзгариш ва ривожланишлар билан ҳамоҳанг яшаб, меҳнат қилиб келаётган ҳамшира ўз раҳбарининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тегишли тартибда мурожаат қилади.

Талаб қилинган 50 АҚШ долларини олаётган бўлим бошлиғи (шифокор) жиноят устида қўлга олинди. Мазкур ҳолат юзасидан шифокорга нисбатан фирибгарлик бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётган пайтида, мазкур шифокор ҳаётдаги муаммоли жараёнлар фақат пора олиш ва бериш орқали ҳал қилинади деб ўйлади шекилли, ўзига нисбатан қўзғатилган жиноят ишининг дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бораётган Ҳазорасп тумани ИИБ тергов бўлими бошлиғига 500 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилди.

Ватани ва ҳалқи олдидаги қасамёдига содиқ қолган тергов бўлими бошлиғининг бу ҳақда ўз раҳбариятига берган ахборотига асосан, ўтказилган тадбир жараёни, ишни ўзининг фойдасига ҳал қилишликни сўраб, 400 АҚШ долларини пора тариқасида бераётган шифокорнинг кирдикорлари фош этилди.
Ҳа, оқ халатига қора доғ туширган ушбу шифокор эндиликда иккита жинояти учун жавоб беришига тўғри келади.

Чунки унга нисбатан, прокуратура органлари томонидан қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 211-моддаси 1-қисми (Пора бериш) билан ҳам жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Подполковник З.Исмоилов,
Хоразм вилоят ИИБ ходими

Изоҳ билдириш