46238

Тошкентда якка тартибдаги турар жойлар учун ҳам кадастр паспортлари жорий қилинди

Ўзбекистон 20 август 22:12 725

20 августдан Тошкентдаги якка тартибдаги турар жойлар эгаларига кадастр йиғмажилди, ер ҳамда бино ва иншоотлар рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар ўрнига кадастр паспорти берилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасига таяниб, «Газета.uz» хабар бермоқда.

16 апрелдан Тошкентда квартираларнинг кадастр паспортлари жорий этилиши ва кўп қаватли уйларда жойлашган квартиралар учун кадастр паспортлари берилиши бошланиши белгиланган эди.

Кадастр паспорти — қалбакилаштиришдан ҳимоя қилувчи элементлари, яъни «сув белгиси» билан ҳимояланган махсус бланкдан иборат бўлиб, қуйидаги маълумотларни паспорт берилган кун ҳолатига акс эттиради: якка таритбдаги турар жойнинг техник параметрлари, кадастр қиймати, тархи, мулкдор ва турар жойга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумот.

Шу билан бир қаторда, паспортда QR-код мавжуд бўлиб, ушбу код орқали онлайн тарзда кадастр паспортининг мақоми ва ҳақиқийлиги, шунингдек Паспортда қайд этилган техник параметрларига мос келиши, турар жой ҳақида қўшимча маълумотлар ҳамда онлайн тарзда текшириш ҳолатига кўра тақиқ ва чекловлар бор йўқлиги ҳақида маълумотларни текшириш имконияти мавжуд.

Янги кўринишдаги кадастр паспорти якка тартибдаги турар жойга бўлган ҳуқуқ янги эгаларига ўтган ёки аввал тақдим этилган кадастр ҳужжати йўқотилган тақдирда, якка тартибдаги турар жойнинг янги эгалари аризаларига биноан тақдим этилади.

Аввал тақдим этилган кадастр ҳужжатини янгилаш талаб этилмайди ва ушбу кадастр ҳужжати якка тартибдаги турар жойга бўлган ҳуқуқ бекор қилингунга қадар амал қилади ҳамда ҳақиқий ҳисобланади.

Изоҳ билдириш