46217

Ўзбекистон ҳукумати аъзолари кортежи ЙТҲга учради, Абдулла Арипов ва Алишер Султонов жароҳатланди

Ўзбекистон 20 август 18:16 2 602

20 август куни Ўзбекистон ҳукумати раҳбарияти кортежи Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳудудида йўл-транспорт ҳодисасига учради. Бу маълумотни «Kun.uz»нинг бир неча манбалари тасдиқлади.

Аниқлик киритилишича, Бекобод туманига кетаётган кортеж Деҳқонобод МФЙ яқинида аварияга учраган.

Ушбу ЙТҲ оқибатида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва унинг ўринбосари, «Ўзбекнефтгаз» компанияси бошқаруви раиси Алишер Султонов жароҳат олган.

Манба маълумотига кўра, кортежнинг бош қисмидаги Алишер Султонов бўлган автомобиль жиддий шикастланган, бош вазир ўринбосари ҳамда унинг ёнида бўлганлар тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Айни вақтда улар шифокорлар назоратида бўлиб турибди.

Бош вазир Абдулла Арипов минган автомобиль эса кортежнинг орқароғида бўлган ва ЙТҲ вақтида жиддий шикастланмаган. Арипов ва унинг ёнидаги яна бир киши ҳам енгил тан жароҳати олган, уларнинг саломатлиги барқарор ҳолатда.

Бош прокуратурадан «Kun.uz»га тасдиқлашларича, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган «Дамас» русумли автомобил ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, кортежга урилиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси юзага келган.

Изоҳ билдириш