45378

«Порани ҳокимга берамиз», деган фирибгарнинг найранги ўтмади

Ўзбекистон 7 август 10:59 1 235

Фирибгарнинг асосий иш қуроли – ёлғон ва найранг. Бу иллат эгалари ёлғон ва найранг ишлатиб, ўзгаларни алдаш, фириб бериш, улар номини сотиб, бадном этиш каби манфур ишлар эвазига шахсий бойлик, мансаб орттириш, моддий ва маънавий манфаат кўришга уринадилар. Аммо ҳаёт қонунияти, адолат мезонлари олдида улар ҳамиша шармисор бўлиб, ўз қилмишларининг муқаррар жазосини оладилар.
Бу сафар ҳам шундай бўлди. Фирибгарнинг найранглари фош этилиб, адолат ва қонун олдида бош эгдилар.

Ривожи Нурафшон, Ангрен, Тошкент шаҳарларида кечган бу жиноий ҳаракатнинг ибтидоси Нурафшонда ўтган йилнинг айнан шу кунларида ғоят оддий ишлар юзасидан бошланган эди. Аслида ният ҳам, қилинажак ишлар ҳам эзгулик, бунёдкорлик ишлари билан боғлиқ эди ҳам…
Айниқса, нурафшонлик ака-укалар суҳбати чоғида аканинг Даврон исмли бир таниши қурилиш ташкилоти муҳандиси бўлган ўз танишининг Ангрен шаҳрида профилактика инспекторлари учун қурилиш мўлжалланаётган 9 та намунавий уйларни қуриш ишлари олиш истаги борлигини ва бу масалада ёрдам сўраганини айтиб қолади. Шунда Ангрен шаҳар ҳокимлиги ижтимоий мослашув маркази бошлиғи лавозимида ишлайдиган ука бу масала юзасидан шаҳар ҳокими билан гаплашиб кўриши лозимлигини билдиради.
Қурилиш ишларига унчалик тушунмайдиган ука иттифоқо бу таклифни таниши, муқаддам бир неча бор судланган, ҳозирда тадбиркорга айтиб, маслаҳат сўрайди.
Айнан мана шу суҳбатга лаънати шайтон лаъйини аралашиб қоладими, ёки иблис уларнинг ичига кириб оладими, хуллас, асли андижонлик бўлган тадбиркор Қутлуғбек Холиев(исм-шарифлар ўзгартирилган)нинг фириб йўли билан мўмай пул ундириб олиш таклифи ҳокимлик ходими Рафиқжон Пирматовга ҳам маъқул тушади. Шу тариқа улар фириб йўлига ўтиб, қурилиш ишларини амалга ошириш бўйича талабгор «Kogon montaj servise» МЧЖнинг ҳужжатларини ўз йўли билан киргизиладиган, мабодо бу таклиф тасдиқдан ўтиб кетса, «бу ишни биз ҳам қилдик, порани ҳокимга бериш учун 10 000 АҚШ доллари берасиз» қабилида инженерга талаб қўйиладиган бўлди. Ва шундай йўл тутилди ҳам. Бухоролик қурилиш инженери Бердиёр Дадажонов бу талабни эшитгач, бу жуда кўп сумма эканлиги, уларга бунча пул беролмаслигини айтади. Аммо фирибгарлар бўш келмайдилар, бўлиб берса ҳам рози бўлишларини билдирадилар.
Шу талаб асосида қурилиш инженери 2017 йилнинг 25 сентябрь куни Нурафшондаги ошхоналарнинг бирида Рафиқжон Пирматовга 4 000 АҚШ долларига тенг доллар ва сўмлар беради.
Р. Пирматов унган маблағни ҳамтовоғи билан бўлишиб олганидан сўнг, инженердан қолган 6 000 АҚШ долларини ҳам талаб қила бошлайди. Ҳатто унга мажбуран 6 000 АҚШ доллари қарздорлик, шу қарз эвазига «Нексия» автомашинани олиб бериши ҳақида тилхат ҳам ёздириб олади.
Фирибгарларнинг зуғуми ҳиқилдоғига келган Б.Дадажонов ёрдам сўраб тегишли ташкилотларга мурожаат қилишга мажбур бўлади.
Мазкур ариза юзасидан 2017 йил 15 ноябрь куни соат 15:50ларда Тошкент вилояти прокуратураси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Р.Пирматовнинг топшириғи билан унинг акаси Бойсафар Пирматов қурилиш инженери Б.Дадажоновдан Ангрен шаҳар ҳокимлиги мансабдор шахсларига бериш ниқоби остида талаб қилинган 10 000 АҚШ доллари ҳисобидан 3 000 АҚШ долларини Тошкентдаги автомобиллар турар жойларидан бирида олаётган вақтида далилий ашёлар билан ушланди.
2018 йилнинг 20 апрель кунида Жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судида ушбу жиноят иши кўриб чиқилди.
Суд Рафиқжон Пирматовни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди, 211-моддаси 2-қисми «б» банди билан айбли деб топиб, Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиб, узил-кесил ўташ учун 5 йил 1 ойга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.
Унинг ҳамтовоғи Қ.Ҳолиевга ҳам айнан шундай жазо тайинлаш баробарида унга 2017 йил 15 августда Шаҳрихон туман суди томонидан тайинланган жазони қисман қўшган ҳолда узил-кесил ўташ учун 5 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Фириб фирибгарларнинг ўзларига ана шу тариқа панд берди. Мунофиқлик ёвуз иллат эканлиги яна бир бор намоён бўлди.

Муаллиф: Маъмуржон БОЗОРАЛИЕВ

Изоҳ билдириш