45303

Бош прокуратура ҳуқуқлари бузилган шахслар хақида расмий маълумот берди

Ўзбекистон 27 июль 15:01 412

Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида 3 145 та суд қарорлари прокурорлар протестига асосан бекор қилинган ва қонунга мувофиқлаштирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳайъатининг навбатдаги мажлисида маълум қилинди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг билдиришича, қонунчилик ижроси устидан назорат, шунингдек барча ислоҳотлар, шу жумладан давлат дастурлари ижросини ташкил этиш борасидаги тадбирлар натижасида 11 512 та ноқонуний ҳужжат қонунга мувофиқлаштирилган, 63 142 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида жами 250,7 млрд. сўм зарар ундирилган.

“Тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва экспорт ҳажмини кенгайтиришга қаратилган қонунлар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, 12 595 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари ҳамда мутасадди идоралар билан ҳамкорликда 2 052 нафарининг фаолияти тикланган”, – дейилади хабарда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда кўрилган чоралар натижасида ўтган 6 ойда умумий жиноятчилик 38,7 фоизга камайишига эришилган.

Жиноий, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритишда фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилган.

Жумладан, 3 145 та суд қарорлари прокурорлар протестига асосан бекор қилинган ва қонунга мувофиқлаштирилган.

Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси томонидан жорий йилнинг 6 ойи давомида истеъмолчиларга етказиб берилган энергия ресурслари ва ичимлик суви учун 14,2 трлн. сўм, ижро ҳужжатлари бўйича 8,7 трлн. сўм маблағлар ундирилиши таъминланган.

Мажлисда прокуратура органлари зиммасига юклатилган барча вазифаларни сўзсиз ижро этиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, топшириқ ва кўрсатмаларининг қатъий бажарилиши устидан назоратни янада кучайтириш топширилди.

Изоҳ билдириш